Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда жиноий даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирув қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида криптоактивлар айланмаси иштирокчилари учун ички назорат қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг қўшма қарори 2026 йил 28 сентябрда давлат рўйхатидан ўтказилди ва расмий эълон қилинган кундан кучга киради.
Ўзгартиришлар «Криптоактивлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга оширувчи шахслар учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирув қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши ички назорат қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорга киритилди.
Ҳужжат криптоактивлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи провайдерларнинг ички назорат тизимини шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини такомиллаштиришни назарда тутади.
Алоҳида ўзгартишлар мижозларни лозим даражада текшириш тартибига тааллуқли. Жумладан, шахсий маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш учун ташкилотлар хизматларидан фойдаланиш масалалари, шунингдек, шубҳали операциялар ҳақида хабарларни юбориш тартиби аниқлаштирилди.
Бундан ташқари, ички назорат тизими самарадорлигини мониторинг қилиш механизми аниқлаштирилиб, қўлланиладиган атамалар амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилди.
Ҳужжатнинг қабул қилиниши криптоактивлар айланмаси соҳасида жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирув қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган.
Шунингдек, ўзгартишлар мазкур соҳада халқаро стандартларни имплементация қилиш ва криптохизматлар провайдерларидан ҳуқуққа хилоф фаолиятда фойдаланиш хавфларини камайтиришга қаратилган.