Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Тошкент ободончилигига 21,48 млрд сўм йўналтирилади

UzDaily таҳририяти · 29.07.2026 · 20:50 · 20 views
Тошкент ободончилигига 21,48 млрд сўм йўналтирилади
Тошкент ободончилигига 21,48 млрд сўм йўналтирилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши пойтахтни ободонлаштириш, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва ижтимоий объектларни қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 21,48 млрд сўм ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Маблағларнинг асосий қисми шаҳарни кўкаламзорлаштиришга йўналтирилади. Хусусан, Тошкентнинг марказий ва энг муҳим кўчаларига экиладиган мавсумий гуллар ҳамда манзарали буталарни харид қилиш учун 11,95 млрд сўм ажратилади.

Яна 2,15 млрд сўм марказий майдонларни кўкаламзорлаштириш бошқармасига, 900 млн сўм эса давлат объектлари ҳудудларини ободонлаштириш учун масъул бошқармага йўналтирилади.

Қўшимча равишда шаҳарнинг аҳамиятли кўчаларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бошқармасига 3,8 млрд сўм ажратилади. Молиялаштириш иккинчи чорак якунлари бўйича маҳаллий бюджет даромадлари режасининг ортиғи билан бажарилган қисми ҳисобидан таъминланади.

Қўшимча маблағларнинг бир қисми ижтимоий лойиҳаларга ҳам йўналтирилади. Жумладан, Тошкент туризм ва меҳмонхона менежменти техникуми учун жиҳозлар харид қилишга 248 млн сўм, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг шаҳар бўлими моддий-техник базасини мустаҳкамлашга эса 40,4 млн сўм ажратилади.

Бундан ташқари, «Билим» ахборот-кутубхона маркази биноси ва ички хоналарини капитал таъмирлаш учун 2,39 млрд сўм йўналтирилади.