Ўзбекистон

Тошкент Global Cities Index рейтингида 128 поғона кўтарилди

Тошкент Global Cities Index рейтингида 128 поғона кўтарилди
Тошкент Global Cities Index рейтингида 128 поғона кўтарилди / Фото: APC.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент Oxford Economics таҳлилий маркази томонидан тайёрланган Global Cities Index 2026 рейтингида дунёнинг 1000 та энг йирик шаҳри орасида 343-ўринни эгаллади. Бир йил ичида Ўзбекистон пойтахти рейтингда 128 поғона юқорилади. Бу ҳақда Oxford Economics рейтингида маълум қилинган.

Тошкент, шунингдек, тадқиқот муаллифлари баҳосига кўра, сезиларли динамикани намоён этаётган ва рейтингда янада юқорилаш салоҳиятига эга бўлган 28 та шаҳарни бирлаштирувчи Cities to Watch рўйхатига киритилди.

Oxford Economics Тошкент Марказий Осиёнинг истиқболли иқтисодий марказларидан бири сифатидаги мавқеини босқичма-босқич мустаҳкамлаётганини таъкидлайди. Тадқиқотда қайд этилишича, СССР парчалангунига қадар шаҳар йирик саноат маркази бўлган. Ўзбекистон мустақилликка эришгани ва халқаро алоқалар кенгайганидан кейин эса шаҳар иқтисодиёти янада диверсификацияланган.

Рейтинг тузувчилари пойтахтда иқтисодий ўсиш давом этаётгани, қурилиш ишлари фаол олиб борилаётгани ва турли соҳаларда инвестиция фаоллиги ортиб бораётганига ҳам эътибор қаратган. Шу билан бирга, Тошкент аҳоли сонининг барқарор ўсиши билан ажралиб туради. Oxford Economics баҳосига кўра, бу ҳолат пойтахтни Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг қатор бошқа шаҳарларидан ажратиб туради.

Таҳлилчилар пойтахтнинг афзалликлари қаторига унинг географик жойлашуви ва малакали мутахассислар мавжудлигини киритган. Шу билан бирга, Oxford Economics фикрича, аҳоли жон бошига нисбатан паст ЯИМ малакали кадрларни даромад даражаси юқорироқ бўлган мамлакатларга кетиб қолиши хавфини келтириб чиқаради. Бошқа муаммолар қаторида экологик юклама, жумладан, сув ресурслари тақчиллиги ҳам қайд этилган.

Global Cities Index рейтинги шаҳарларни бешта йўналиш бўйича баҳолайди: иқтисодиёт, инсон капитали, ҳаёт сифати, атроф-муҳит ва бошқарув. Ҳар бир кўрсаткич бўйича 0 баллдан 100 баллгача бўлган шкала қўлланилади, шундан сўнг натижалар умумий рейтингга бирлаштирилади.

Иқтисодиёт бўйича Тошкент 54,7 балл тўплаб, дунёда 188-ўринни эгаллади ва рейтингнинг юқори 20 фоизидан жой олди. Баҳолашда шаҳар иқтисодиётининг ҳажми ва тузилмаси, унинг ўтмишдаги ривожланиш динамикаси ҳамда келгусидаги ўсиш истиқболлари ҳисобга олинади.

Инсон капитали категориясида пойтахт 61,5 балл тўплаб, 108-ўринни эгаллади ва бу кўрсаткич бўйича ҳам рейтингнинг юқори 20 фоизидан жой олди. Ушбу кўрсаткич кадрлар салоҳиятининг кўлами ва сифатини, шунингдек, шаҳарнинг малакали мутахассисларни жалб қилиш, тайёрлаш ва сақлаб қолиш имкониятларини акс эттиради.

Ҳаёт сифати бўйича Тошкент 47,5 балл олди ва 644-ўринни эгаллаб, рейтингнинг қуйи 40 фоизидан жой олди. Бу кўрсаткич аҳолининг фаровонлиги, яшовчиларнинг қониқиши, молиявий аҳволи, соғлиғи ва шаҳар инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини ҳисобга олади.

Пойтахтнинг экологик кўрсаткичи 45,1 баллни ташкил этди. Бу 806-ўрин ва рейтингнинг қуйи 15 фоизига тўғри келади. Oxford Economics шаҳарнинг иқтисодий ривожланишни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан уйғунлаштириш қобилиятини, шунингдек, унинг экологик хавфларга нисбатан заифлигини ҳисобга олади.

Тошкент бешта категория орасида энг паст натижани бошқарув бўйича қайд этди — 40,2 балл ва 825-ўрин. Шаҳар рейтингнинг қуйи 15 фоизидан жой олди. Ушбу кўрсаткич шаҳар институтларининг барқарорлиги, тартибга солиш сифати ва аҳоли ҳамда бизнес учун шароитларнинг барқарорлигини тавсифлайди. Oxford Economics самарали бошқарув режалаштириш, инвестициялар ва шаҳар эҳтиёжларини таъминлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлайди.

Global Cities Index 2026 рейтингида биринчи ўринни 100 балл билан Нью-Йорк эгаллади. Иккинчи ўринда 98,8 балл билан Лондон, учинчи ўринда эса 93,4 балл тўплаган Париж қайд этилди. Ўнталикдан, шунингдек, Сиэтл, Сан-Франциско, Дублин, Бостон, Сан-Хосе, Токио ва Цюрих ўрин олган.

Марказий Осиёнинг бошқа шаҳарлари орасида Олмаота 265-ўринни, Остона 281-ўринни эгаллади. Бишкек 461-ўриндан, Ашхобод 668-ўриндан, Душанбе эса 672-ўриндан жой олди.

2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентни Global Cities Index рейтингида экологик вазияти барқарор бўлган 300 та шаҳар қаторига киритиш бўйича топшириқ берган. Бунинг учун режалаштирилган чоралар қаторида сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш ва яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш ҳам тилга олинган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.