Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Спорт

Тошкент 2027 йилда APC тадбирларига мезбонлик қилади

Дилафруз Ниязова · 28.08.2026 · 10:00 · 26 views
Тошкент 2027 йилда APC тадбирларига мезбонлик қилади
Тошкент 2027 йилда APC тадбирларига мезбонлик қилади / Фото: APC.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент 2027 йилда Осиё Паралимпия қўмитаси (APC) конференцияси, Осиё мукофоти ва ташкилот Бош ассамблеясини ўтказадиган шаҳар сифатида танланди. Ўзбекистон мазкур тадбирларга биринчи марта мезбонлик қилади. Уларни келаси йил ноябрь ёки декабрь ойларида ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақда пайшанба куни Осиё Паралимпия қўмитаси хабар берди.

Қарор Осиё мамлакатларининг бешта миллий паралимпия қўмитаси иштирок этган танлов якунларига кўра қабул қилинди. Тошкент номзодини APC Ижроия кенгаши аъзолари ва овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган доимий қўмиталар раисларининг аксарияти қўллаб-қувватлади.

Тадбирларда Ўзбекистон пойтахтида Осиёнинг 45 та миллий паралимпия қўмитаси вакиллари, APC Ижроия кенгаши ва доимий қўмиталари аъзолари, спортчилар, халқаро спорт федерациялари вакиллари, Ўйинларнинг ташкилий қўмиталари ҳамда халқаро спорт ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Дастур APC конференцияси билан бошланади. Унда Осиёда паралимпия ҳаракатини ривожлантиришнинг асосий масалалари бўйича тақдимотлар, муҳокамалар ва амалий семинарлар ўтказилиши режалаштирилган. Шундан сўнг Бош ассамблея бўлиб ўтади. Унда иштирокчилар ташкилий ва стратегик масалаларни кўриб чиқиб, минтақада паралимпия спортини ривожлантиришнинг кейинги йўналишларини белгилайди.

Тошкентда, шунингдек, APC Осиё мукофоти маросими ҳам бўлиб ўтади. Унда аввалги тақдирлаш маросимидан буён паралимпия ҳаракатини Осиёда ривожлантиришга қўшган ҳисса ва эришилган юксак натижалар эътироф этилади.

APC президенти Мажид Рашид танловдаги ғалаба билан Ўзбекистонни табриклаб, конференция ва Бош ассамблея Осиё паралимпия ҳамжамияти вакиллари учун билим алмашиш ҳамда қитъада спортни янада ривожлантириш устувор йўналишларини муҳокама қилиш имконияти бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси президенти ва APC вице-президенти Мухторхон Ташходжаев Тошкентнинг танланганини мамлакат ва пойтахт учун катта шараф деб атаб, Осиё Паралимпия қўмитасига билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдирди.

APCнинг аввалги конференцияси ва Бош ассамблеяси 2025 йилда Остона шаҳрида бўлиб ўтган. Унда 40 дан ортиқ миллий паралимпия қўмиталари делегатлари, минтақавий ҳамкорлар ва халқаро кузатувчилар иштирок этган.