Тўрт нафар ўзбекистонлик боксчи Бразилиядаги Жаҳон Кубоги финалига йўл олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бразилияда World Boxing ташкилоти томонидан ўтказилаётган Жаҳон Кубогида Ўзбекистон бокс жамоасининг тўрт нафар вакили финалга йўл олди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Турабек Ҳабибуллаев (90 кг гача), Асилбек Жалилов (50 кг гача), Фазлиддин Эркинбоев (75 кг гача) ва Жаҳонгир Зокиров (90 кг дан юқори) финалга йўлланма олган боксчилар ҳисобланади. Шу билан бирга, 60 кг гача бўлган вазн тоифасидаги Мадияр Данияров ярим финалда бразилиялик Луис Оливейрага ютқазиб, мусобақанинг бронза медалини қўлга киритди.
Ярим финал жангларининг иккинчи куни 4 апрель куни бўлиб ўтади. Шу куни яна уч нафар ўзбекистонлик боксчи рингга чиқади: 55 кг гача бўлган вазнда Миразизбек Мирзахалилов Гватемалалик Хосе Фелипе билан тўқнаш келади, Жаҳоҳир Умматалиев (80 кг гача) қозоғистонлик Диас Молжигитов билан жанг қилади, ҳамда Акмалжон Исроилов (85 кг гача) поляк Якуб Страшевскийга қарши жанг олиб боради.