Иқтисод

Суриялик тадбиркорлар TEXNOPARK салоҳиятини ўрганди

Суриялик тадбиркорлар TEXNOPARK салоҳиятини ўрганди
Суриялик тадбиркорлар TEXNOPARK салоҳиятини ўрганди  / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сурия иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари Муҳаммад Яссин Ҳурия бошчилигидаги суриялик ишбилармонлар делегацияси савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида тадбиркорлар «TEXNOPARK» МЧЖ фаолияти билан танишди ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.

TEXNOPARKда Сурия делегациясига корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, амалга оширилган инвестициявий лойиҳалар, маҳсулот турлари ва экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берилди.

Корхона 103,3 гектар майдонни эгаллайди. Унинг ҳудудида умумий қиймати 465 миллион доллар бўлган 17 та лойиҳа амалга оширилган. 6 500 та иш ўрни яратилган бўлиб, электротехника ва бошқа саноат маҳсулотларининг 100 дан ортиқ турини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Суриялик тадбиркорлар ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологиялар ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан ҳам танишди.

Томонлар электротехника саноатида савдо ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маҳсулотларни янги бозорларга олиб чиқиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Сурия делегациясининг давлат органлари ва бизнес вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Иштирокчилар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Суриялик тадбиркорлар Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти, замонавий технологиялари ва корхоналарининг экспорт имкониятларини қайд этди. Делегация аъзоларининг сўзларига кўра, бу Сурия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга илк ташрифи эмас.

Томонлар Ўзбекистон–Сурия бизнес-форумини ўтказишга тайёргарлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Тадбир доирасида икки давлат тадбиркорлари ўртасида B2B учрашувларини ташкил этиш, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш ва аниқ бизнес таклифларини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.

Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон маҳсулотларини Сурия бозорига олиб чиқиш, саноат кооперациясини ривожлантириш, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.