Синдаров Saint Louis Rapid & Blitz турнирида иккинчи бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Saint Louis Rapid & Blitz турнирида иккинчи ўринни эгаллади. У мусобақа ғолиби, ҳиндистонлик гроссмейстер Прагнанандха Рамешбабудан 1,5 очко ортда қолди. Бу ҳақда Grand Chess Tour матбуот хизмати хабар берди.
2026 йилги Grand Chess Tour мусобақасининг финал босқичини очиб берган турнир 31 июльдан 7 августга қадар Сент-Луис шахмат клубида бўлиб ўтди. Беш ўйин куни давомида энг кучли ўн нафар гроссмейстер тезкор шахматда тўққизта, блицда эса 18 та раундда иштирок этди. Жами 135 та партия ўтказилди. Турнир натижалари Синкфилд Кубоги ва Grand Chess Tour финали олдидан очколар тақсимоти учун муҳим аҳамият касб этди.
Якуний жадвалга кўра, Синдаров тезкор шахматда 11 очко, блицда ҳам 11 очко тўплаб, жами 22 очко олди. Прагнанандха эса рапидда 12 очко ва блицда 11,5 очко жамғариб, умумий 23,5 очко билан мусобақани якунлади.
Турнир давомида Синдаров пешқадамни яқин таъқиб қилиб борди. Прагнанандха иккинчи раунднинг ўзида биринчи ўринга чиқиб олди ва мусобақа охирига қадар етакчиликни қўлдан бой бермади. Жаҳон чемпиони унвони учун даъвогар блицнинг сўнгги кунида рақибига босимни кучайтириб, уни қувиб етишга ҳаракат қилди. Ҳал қилувчи баҳс мусобақанинг охиридан олдинги раундида улар ўртасида бўлиб ўтди. Прагнанандхага турнирда ғалаба қозониш учун дурангнинг ўзи кифоя эди ва у пиёдасиз эндшпилни муваффақиятли ҳимоя қилиб, керакли натижага эришди. Ғолиб турнирнинг ҳар икки босқичида — рапид ва блицда — биринчи ўринни эгаллади.
Мусобақада турнинг етти нафар доимий иштирокчиси — Фабиано Каруана, Жавоҳир Синдаров, Винсент Керемер, Уэсли Со, Ариш Гири, Прагнанандха Рамешбабу ва Йорден ван Форест, шунингдек, махсус таклифнома асосида қатнашган уч нафар шахматчи — Лейньер Домингес, Левон Аронян ва Авондер Лианг иштирок этди.
Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 200 минг долларни ташкил қилди. Биринчи ўринни эгаллаган Прагнанандха 50 минг доллар, иккинчи ўриндаги Синдаров 40 минг доллар мукофот олди. Турнирда учинчи ўринни америкалик гроссмейстер Уэсли Со эгаллаб, 30 минг долларга сазовор бўлди.
Кейинги ўринни 20 минг долларлик мукофот билан Левон Аронян эгаллади. Бешинчи–еттинчи ўринларни бўлишиб олган Йорден ван Форест, Фабиано Каруана ва Лейньер Домингеснинг ҳар бири 12 минг доллардан мукофот билан тақдирланди.