Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Сенат “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги қонунни маъқуллади

UzDaily таҳририяти · 09.07.2026 · 18:00 · 22 views
Сенат “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги қонунни маъқуллади

Сенат “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги қонунни маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг 17-ялпи мажлисида мамлакатимизда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, халқаро капитални жалб қилиш ҳамда замонавий молия инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий Қонун кўриб чиқилди.

Муҳокама жараёнида таъкидланганидек, мазкур Конституциявий Қонун Сенатнинг 16-ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, такомиллаштириш бўйича таклифлар билан бирга Қонунчилик палатасига юборилган эди. Сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссияси манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар вакилларини жалб қилган ҳолда Қонунни қайта ишлаб чиқди.

Конституциявий Қонунда Тошкент халқаро молия марказининг алоҳида ҳудуд сифатидаги мақоми, фаолиятининг асосий принциплари белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Молия маркази ҳудудида халқаро инвесторлар учун молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган нормалар ҳам Қонунга киритилмоқда.

Молиявий хизматлар бошқармаси молиявий хизматлар ва қўшимча хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятнинг лицензияланиши, тартибга солиниши, назорат қилиниши ва мажбурлов чоралари қўлланилиши учун масъул этиб белгиланмоқда. Тошкент халқаро тижорат суди эса ўз юрисдикциясига кирувчи низоларни суд тартибида ҳал этиш ва суд маъмуриятчилиги бўйича мутлақ ваколатларга эга бўлади.

Сенат аъзолари таъкидлаганидек, мазкур Конституциявий Қонун республикада капитал бозорини ривожлантириш, инвестиция оқимини кенгайтириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Молия маркази иштирокчилари учун яратилаётган имкониятларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, чет эллик мутахассисларни меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома олмасдан ишга қабул қилиш ҳамда Молия марказининг шахси ҳисобланган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар кириш визасини беш йилгача бўлган муддатга олиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Сенаторлар ўз чиқишларида таъкидлаганларидек, Тошкент халқаро молия маркази халқаро миқёсда эътироф этилган етакчи жаҳон молия марказларининг энг яхши амалиётларига мувофиқ ҳуқуқий аниқлик, тартибга солишни олдиндан кўра билиш, суд мустақиллиги ҳамда инвесторларни жалб этиш ва ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ташкил этилади ва бошқарилади, етакчи молия маркази сифатида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг ўсишига хизмат қилади.

Муҳокама сўнггида сенаторлар Қонунни маъқуллади.