Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Сенат ҳукуматга ипакчиликни ривожлантириш бўйича парламент сўровини юборади

UzDaily · 14.06.2026 · 10:00 · 28 views
Сенат ҳукуматга ипакчиликни ривожлантириш бўйича парламент сўровини юборади

Сенат ҳукуматга ипакчиликни ривожлантириш бўйича парламент сўровини юборади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 16-ялпи мажлисида ипакчиликни ривожлантириш, пиллани етиштириш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, озуқа базасини яхшилаш ҳамда ушбу соҳанинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш юзасидан Ҳукуматга парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлаш, пилла етиштириш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш орқали 470 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган. Фермер хўжаликлари дала четлари, ариқ-зовур бўйлари ва ўрмон хўжалиги ерларида 29,2 млн туп якка қатор тут кўчатлари экилган. Жорий йилда 30,1 минг тонна пилла етиштириш ҳамда экспорт ҳажмини 120 млн долларга етказиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, ялпи мажлисда 54 минг гектар тутзорларнинг 15 минг гектаридан ортиғи эскиргани, пилла парваришлашда илмий асосланган инновацион технологиялар етарли даражада жорий қилинмагани, маҳсулот етиштирувчиларда замонавий билим ва кўникмалар етишмаслиги, қурт боқиш хоналари санитария талабларига жавоб бермаслиги, озиқлантириш ва сақлаш ишлари тўғри ташкил этилмагани натижасида ҳосилдорлик пастлигича қолаётгани каби камчиликлар танқид қилинди.

Бундан ташқари, соҳада илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини жорий қилиш самарали ташкил қилинмагани, маҳаллий уруғлар улуши пастлиги натижасида  уруғларни импорт қилиш эҳтиёжи сақланиб қолмоқда. Қўшилган қиймат занжири ҳам тўлиқ шаклланмаган. Бунинг натижасида мамлакатимизда етиштирилаётган пилланинг атиги 30  фоизи чуқур қайта ишланмоқда.

Муҳокама якунида ипакчиликни ривожлантиришнинг ушбу долзарб масалалари юзасидан Сенатнинг Ҳукуматга парламент сўровини юбориш тўғрисидаги  қарори қабул қилинди.

UzDaily · 👁 28 views · 14.06.2026 · 10:00