Сенат Давлат хизмати ва Президент маъмуриятини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенат Давлат хизмати ва Президент маъмуриятини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг 17-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тузилмаси ҳамда давлат фуқаролик хизмати тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда профессионал давлат бошқаруви тизимини яратиш, давлат хизматчилари ишининг натижадорлигини таъминлаш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташкил этилди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурига ўтказилди, шунингдек давлат фуқаролик хизмати тизими такомиллаштирилди.
Шу муносабат билан қонунчилик ҳужжатларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш, давлат фуқаролик хизмати, суд, прокуратура, ички ишлар ва божхона органлари, Миллий гвардияда хизматни ўташ тизими ва тартибини такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида ташкил этилган Бошқарув самарадорлиги агентлигининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланиб, давлат фуқаролик хизматига оид ҳужжатларни мажбурий келишиш тизими жорий этилмоқда. Прокуратура, ички ишлар, Миллий гвардия ходимлари ва судьялар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ишга ўтганда уларнинг аввалги хизмат жойи бўйича кадрлар захирасида сақланиб қолиши кафолатланмоқда.
Сенаторлар муҳокама жараёнида ушбу Қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, давлат фуқаролик хизматини ўташ тартибини такомиллаштиришга ҳамда Миллий гвардия, суд, прокуратура, ички ишлар ва божхона органларининг фаолияти учун муносиб шарт-шароитлар яратишга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.