Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Сенат Лиссабон шартномасининг Женева қонунига қўшилишини маъқуллади

UzDaily таҳририяти · 10.07.2026 · 17:45 · 23 views
Сенат Лиссабон шартномасининг Женева қонунига қўшилишини маъқуллади

Сенат Лиссабон шартномасининг Женева қонунига қўшилишини маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисида “Келиб чиқиш жой номлари ва географик кўрсаткичлар тўғрисидаги Лиссабон битимининг Женева актига (Женева, 2015 йил 20 май) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Муҳокама жараёнида таъкидланганидек, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк объектларини, хусусан географик кўрсаткичлар ва товар келиб чиққан жой номларини халқаро миқёсда ҳуқуқий муҳофаза қилиш учун янги имкониятлар яратади. Бу эса миллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва уларни жаҳон бозорига самарали олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Қонун инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, ҳудудий брендларни ривожлантириш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши миллий интеллектуал мулк объектларини халқаро даражада ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини қўллаб-қувватлашга ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодий маконидаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Сенаторлар Қонунни маъқуллади.