Мирзиёев университетларда халқаро дастурларни кенгайтиришни маъқуллади
Мирзиёев университетларда халқаро дастурларни кенгайтиришни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этиш, нуфузли хорижий университетлар билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимизда сўнгги саккиз йилда олий таълим тизимини ривожлантириш, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун имкониятларни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан, олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 44 фоизга, талабалар сони эса 270 минг нафардан 1,7 миллион нафарга етди. Жорий йилнинг ўзида 643 та техникумнинг 100 тасида Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой ва Корея каби давлатларнинг илғор касбий таълим дастурлари жорий этилмоқда.
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ҳамда Ўзбекистон Миллий университети нуфузли халқаро рейтингларда дунёнинг энг яхши мингта олий таълим муассасаси қаторидан ўрин олди. Олийгоҳлардаги 157 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилди.
Шу билан бирга, таълим сифатини янада ошириш, миллий олийгоҳларнинг халқаро рақобатбардошлигини кучайтириш ва битирувчиларнинг глобал меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши учун ишларни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
2030 йилга қадар камида 5 та олийгоҳни умумий рейтинг бўйича, яна 10 тасини фан йўналишлари кесимида дунёнинг энг яхши 500 та университети қаторига киритиш мақсад қилинган. Шунингдек, 100 та олийгоҳ дастурини халқаро аккредитациядан ўтказиш, камида 150 та техникумда халқаро таълим дастурларини жорий қилиш режалаштирилган.
Олий таълим муассасалари битирувчилари ва педагогларининг камида 30 фоизини хорижий тил, касб ва мутахассислик бўйича халқаро сертификатлар билан таъминлаш, техникумларнинг 2,5 минг нафар ҳамда олийгоҳларнинг 20 минг нафар педагогини хорижда малака оширишга юбориш вазифалари белгиланган.
Тақдимотда интеграциялашган таълим дастурларини кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда қатор олийгоҳларда хорижий университетлар билан қўшма дастурлар йўлга қўйилган. Аммо улар асосан икки олийгоҳ ўртасида ташкил этилиб, талабаларнинг таълим йўналишини эркин танлаш имконияти чекланган.
Халқаро амалиётда эса интеграциялашган дастурлар талабага ўқиш давомида бир нечта университетда таълим олиш, турли мамлакатлар академик муҳити ва таълим стандартларидан фойдаланиш имконини беради.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Тошкент архитектура-қурилиш университетида бизнес бошқаруви, архитектура ҳамда ахборот технологиялари йўналишларида Буюк Британиянинг 10 дан ортиқ олийгоҳи билан ҳамкорликда шундай дастурлар жорий этилган. Натижада 371 нафар талаба “1+3”, “2+2” ва “3+1” моделлари асосида таҳсил олиб, Британия стандартларига мос диплом олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Мазкур тизим орқали талабаларнинг хорижда ўқиш ва яшаш харажатларини 10 баробаргача қисқартириш мумкинлиги қайд этилди. Ҳозирги кунда минглаб ўзбекистонлик талаба Буюк Британияда тўрт йиллик таълим дастурларида таҳсил олмоқда. Уларнинг ҳар бири учун ўқиш ва яшаш харажатлари йилига 50 минг долларгача етади.
Шу муносабат билан Тошкент архитектура-қурилиш университети таркибида Интеграциялашган дастурлар олий мактабини ташкил этиш таклиф қилинди.
Олий мактабда таълим жараёни Буюк Британиянинг Норзамбрия ва Ҳартфордшир университетлари дастурлари асосида йўлга қўйилади. Кейинги босқичда Сапиенца, Саутгемптон, Глазго каби дунёнинг нуфузли олийгоҳлари академик талабларига мослаштирилган таълим дастурларини жорий этиш кўзда тутилган.
Олий мактабга академик, молиявий ва ташкилий мустақиллик берилади. Давлат идоралари, ҳамкор олийгоҳлар ва йирик компаниялар вакилларидан иборат кузатув кенгаши ташкил этилади. Битирувчиларга Ўзбекистонда тан олинадиган хорижий ҳамкор олийгоҳ ва олий мактаб дипломи берилади.
Шунингдек, олий мактаб ва ҳамкор таълим муассасаларида Британия стандартларига мувофиқ 8-даражагача бўлган таълим дастурларини жорий қилиш, раҳбар кадрлар учун стратегик фикрлаш, лидерлик, рақамли бошқарув, қарор қабул қилиш ва натижага йўналтирилган бошқарув бўйича малака ошириш курсларини ташкил этиш режалаштирилган.
Тақдимотда мактаб, академик лицей, техникум ва олий таълим ўртасидаги узвийликни таъминлайдиган “2+3”, “1+2”, “2+1”, “1+3”, “2+2”, “3+1” каби таълим моделлари кўриб чиқилди.
Бунда 9-синф битирувчиси мактаб, академик лицей ёки техникумда икки йил таълим олиб, кейинги уч йилни маҳаллий ёки хорижий ҳамкор олийгоҳда давом эттириши мумкин бўлади. Техникум битирувчилари эса таълимни қисқартирилган дастур асосида университетда давом эттириш имконига эга бўлади.
Интеграциялашган дастурларни тиббиёт, энергетика, санъат ва қишлоқ хўжалиги каби устувор йўналишларга ҳам кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, Халқаро малакалар ва баҳолаш марказига интеграциялашган дастурларни нуфузли ТОП-100 олийгоҳлар академик талабларига мослаштириш, улар билан “1+3” ва “2+2” шаклидаги дастурларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Марказ ҳузурида хорижий экспертлардан иборат доимий ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ишчи гуруҳ 2027 йил якунига қадар етакчи хорижий олийгоҳлар дипломини берадиган камида иккита таълим дастурлари марказини ташкил этади.
“Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендия дастурини ҳам янги тизимга мослаштириш таклиф қилинди. Эндиликда дастур Интеграциялашган дастурлар олий мактаби ва бошқа маҳаллий олийгоҳлардаги интеграциялашган таълим йўналишларини ҳам қамраб олади.
Шунингдек, дунёнинг нуфузли университетларига шартли қабул қилинган ёшларнинг Ўзбекистондаги олийгоҳларда биринчи курс ёки “Foundation” дастурида ўқиш харажатларини қоплаб бериш механизми жорий этилади. Бу ёшларга таълимни мамлакатимизда бошлаб, кейинчалик хорижда давом эттириш имконини беради.
Тақдимотда етакчи хорижий олийгоҳлар жойлашадиган Тошкент халқаро университетлар шаҳарчасини ташкил этиш таклифи муҳокама қилинди.
Бунда Қатардаги “Education City”, Бирлашган Араб Амирликларидаги Дубай халқаро академик шаҳри ва Корея Республикасидаги Инчхон глобал кампуси тажрибасидан фойдаланиш таклиф қилинди.
Университетлар шаҳарчасида нуфузли хорижий олийгоҳлар филиалларини жалб қилиш, кампуслар ва талабалар турар жойларини барпо этиш, лицензия талабларини соддалаштириш, грант ва стипендиялар ажратиш, божхона ва солиқ имтиёзларини қўллаш, шунингдек, роялти тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Асосий мақсад Ўзбекистонни халқаро таълим дастурлари ва стандартлари кенг жорий этилган, минтақадаги етакчи таълим марказига айлантириш экани таъкидланди.
Президентимиз таклифларни маъқуллаб, интеграциялашган таълим дастурларини босқичма-босқич кенгайтириш, уларнинг сифатини халқаро талабларга мувофиқ таъминлаш, нуфузли хорижий университетлар билан узоқ муддатли академик ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.