Самарқанд ва Миссури инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилишди
Самарқанд ва Миссури инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев АҚШнинг Миссури штати губернатори Майк Кехой ҳамда штат Сенати аъзолари билан учрашув ўтказди. Музокаралар давомида икки ҳудуд ўртасида иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Майк Кехой ушбу Миссури штати АҚШнинг марказий қисмида жойлашган, саноат ва қишлоқ хўжалиги, логистика ривожланган йирик индустриал-аграр ҳудудларидан бири эканини қайд этди.
Учрашувда Адиз Бобоев Самарқанд вилоятининг инвестицион салоҳияти ҳақида тўхталиб, ҳозирги кунда вилоятда 700 га яқин қўшма ва хорижий корхоналар фаолият юритаётганини, уларнинг 20 дан ортиғини эса АҚШ капитали иштирокидаги корхоналар ташкил этишини маълум қилди.
Музокаралар чоғида ҳамкорликни аниқ лойиҳалар асосида ривожлантириш устувор аҳамиятга эга экани таъкидланди. Жумладан, «Бунге» компанияси билан агросаноат кластерини ташкил этиш, "Пост Ҳолдингс" компанияси билан озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклиф қилинди. Шунингдек, Миссуридаги қатор компаниялар билан саноат автоматизацияси, мебель ва қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чқилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.