Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева BlackRock инвестиция компанияси раҳбарияти билан учрашди. Томонлар 2027 йилда Тошкент халқаро молия марказини ишга тушириш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева маълум қилди.
Учрашувда BlackRock президенти Роберт Капито, компания раисининг ўринбосари Томас Донилон, Global Infrastructure Partners раиси ва бош ижрочи директори Адебайо Огунлеси, шунингдек, BlackRock’нинг молиявий ва стратегик инвесторлар гуруҳи глобал раҳбари ҳамда Яқин Шарқ бўйича раҳбари Чарльз Хатами иштирок этди.
Унинг сўзларига кўра, BlackRock Тошкент халқаро молия марказининг концепцияси ва тузилмасини шакллантиришда кўмаклашмоқда.
Молия марказини ривожлантириш масаласи аввалроқ давлат даражасида муҳокама қилинган. 2026 йил март ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев уни ташкил этиш бўйича ташаббуслар билан танишган. Сентябрь ойида Саида Мирзиёева Президент Администрацияси раҳбари лавозимини сақлаб қолган ҳолда, Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси этиб тайинланган. (President.uz)
Нью-Йоркда, шунингдек, Америка ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида қўшма давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва минтақанинг яқин ўн йилликлардаги ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
«Ўзбекистон йирик ва сифатли инвестициялар учун очилмоқда», — деди Саида Мирзиёева.