Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолияти билан танишди.
Айни пайтда олий таълим муассасасида тўртта йўналиш бўйича қарийб 10 минг нафар талаба таҳсил олмоқда.
Ташриф давомида Саида Мирзиёева университетнинг маъмурий, таълим ва илмий жараёнларида рақамли ечимлардан фойдаланиш билан танишди.
Олий таълим муассасасида дуал таълим ҳам ривожлантирилмоқда, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ишлари амалга оширилмоқда, кампус эса барқарор ечимларни жорий этиш майдони сифатида фойдаланилмоқда.
Замонавий шаҳар муҳитини ривожлантириш учун мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Саида Мирзиёева экологик барқарор архитектура ва муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишга қодир архитекторлар, лойиҳачилар, муҳандислар ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, замонавий ва яшил шаҳарларни барпо этиш нафақат тегишли инфратузилмани, балки архитектура ва муҳандислик соҳаларида ностандарт ёндашувларни қўллай оладиган мутахассисларни ҳам талаб этади.