Роландо Бьянки Ўзбекистон терма жамоаси штабида

Роландо Бьянки Ўзбекистон терма жамоаси штабида

Роландо Бьянки Ўзбекистон терма жамоаси штабида

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон футбол бўйича миллий терма жамоаси мураббийлар штабини ҳужумчилар тайёргарлиги учун масъул мутахассис билан кучайтирди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар беришича, миллий жамоа билан ишлашга италиялик собиқ футболчи Роландо Бьянки киришди.

Янги вазифалари доирасида Бьянки терма жамоа ҳужумчиларини тайёрлаш жараёнида иштирок этади, жамоанинг ҳужум чизиғини ривожлантиришда мураббийлар штабига кўмаклашади. Унинг тайинланиши ҳужумчилар билан индивидуал ишларни кучайтириш ва миллий жамоанинг ҳужум ҳаракатлари самарадорлигини оширишга қаратилган.

Роландо Бьянки Европа клубларидаги ўйин тажрибасига эга. У футболчилик фаолияти давомида Италиянинг «Аталанта», «Кальяри», «Реджина», «Торино» ва «Болонья», шунингдек Испаниянинг «Мальорка» ҳамда Англиянинг «Манчестер Сити» клублари шарафини ҳимоя қилган. Шунингдек, у Италия терма жамоасининг турли ёш тоифалари таркибига жалб этилган.

Футбол ассоциациясида таъкидланишича, хорижий мутахассисни жалб этиш ҳужум чизиғи ўйинчиларини тайёрлашни такомиллаштириш ва миллий жамоа мураббийлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида кўрилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг