Иқтисод

Рақобат қўмитаси Ўзбекистонда кўмир нархларини текширади

Рақобат қўмитаси Ўзбекистонда кўмир нархларини текширади
Рақобат қўмитаси Ўзбекистонда кўмир нархларини текширади / Фото: Миллий статистика қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақобат қўмитаси кўмир нархлари ва уни истеъмолчиларга етказиб беришда қўлланиладиган устамаларнинг иқтисодий жиҳатдан асосланганлигини ўрганади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Текширув Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги 418-сон қарорига мувофиқ ўтказилмоқда. Бунда бозорда устун мавқега эга корхоналар томонидан қазиб олинадиган кўмир нархларининг шаклланишига алоҳида эътибор қаратилади.

Қўмита бундай корхоналар қазиб олинадиган кўмир нархларини рақобат шароитида шаклланадиган даражадан асоссиз равишда юқори белгиламаслигини назорат қилади.

Шунингдек, идора аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир етказиб бериш учун масъул тадбиркорларнинг фаолиятини ҳам текширади. Хусусан, биржа орқали харид қилинган маҳаллий кўмирни сотишда қўшимча асоссиз устамалар қўлланилиши ва ортиқча харажатларга йўл қўйилмаслигига эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, қўмита кўмир бозорида иқтисодий концентрация устидан давлат назоратини амалга оширади.

Ўрганиш давомида мутахассислар кўмир маҳсулотлари қийматини шакллантириш тартиби ва уларни истеъмолчиларга етказиб беришда қўлланиладиган нархларнинг иқтисодий жиҳатдан асосланганлигини баҳолайди.

Қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган тақдирда, тегишли чоралар кўрилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.