Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Қурилиш вазирлиги бошқарув компаниялари устидан назорат чораларини изоҳлади

UzDaily таҳририяти · 28.06.2026 · 10:31 · 20 views
Қурилиш вазирлиги бошқарув компаниялари устидан назорат чораларини изоҳлади

Қурилиш вазирлиги бошқарув компаниялари устидан назорат чораларини изоҳлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда кўп квартирали уйларни бошқарувчи ташкилотлар фаолияти устидан давлат назорати чоралари бўйича тушунтириш берди.

Бунга ижтимоий тармоқларда қабул қилинаётган чоралар асоссиз экани ва бошқарув ташкилотлари фаолиятини чеклаётгани ҳақидаги танқидий материаллар сабаб бўлди.

Вазирликда таъкидланишича, давлат назоратининг мақсади уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув ташкилотлари фаолиятини чеклаш эмас, балки қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, уй-жой коммунал хизматлари сифатини ошириш ҳамда хонадон мулкдорларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.

Шу муносабат билан қонунчиликни қўпол ёки мунтазам равишда бузиб келаётган ташкилотларга нисбатан қонунда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилмоқда.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекцияси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–май ойларида Тошкент шаҳри ҳудудий инспекциялари томонидан кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 220 та ҳолат аниқланган.

Қонунчилик талабларини мунтазам равишда бузган 37 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари, 28 та бошқарув ташкилотлари ва уйларни бевосита бошқаришни амалга оширувчи 5 та ташкилотга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

Вазирлик энг кўп учрайдиган қоидабузарликлар қаторида сутка давомида ишлайдиган авария-диспетчерлик хизматининг мавжуд эмаслиги, «Mening uyim» ахборот биллинг тизимидан фойдаланилмаслиги, хонадон мулкдорларига ҳисобот тақдим этилмаслиги ҳамда кўп квартирали уйларда техник текширувлар ўтказилмаслигини қайд этди.

Идора эслатишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 февралдаги 47-сон қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, бошқарув ташкилотини электрон реестрдан чиқаришга фақат қонунчиликда белгиланган асослар мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

Вазирлик, шунингдек, қонунчиликда кўп квартирали уйларни бошқаришнинг бирор шаклига нисбатан чекловлар белгиланмаганини таъкидлади. Давлат назорати танланган бошқарув моделига қарамасдан амалга оширилади ва барча субъектлар томонидан қонун талабларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган.

Идора маълумотларига кўра, қоидабузарликларнинг аксарияти фуқаролар мурожаатлари асосида ўтказиладиган жойига чиққан ҳолдаги текширувлар давомида аниқланади. Шу муносабат билан вазирлик аҳолини бошқарув ташкилотлари фаолиятидаги қоидабузарликлар ҳақида «Mening uyim» мобил иловаси орқали хабар беришга чақириб, жамоатчилик назорати кўп ҳолларда давлат назоратига нисбатан самаралироқ бўлишини таъкидлади.