Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 16 июнь куни Туркия савдо вазири Омер Болат ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро манфаатли ижтимоий-иқтисодий шериклик алоқаларини кенгайтириш, мавжуд ҳамкорликни янги йўналишлар ва замонавий лойиҳалар билан бойитиш, шунингдек, савдо-иқтисодий муносабатларни амалий мазмун билан янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида бугунги кунда халқаро юк ташиш тизимида муҳим аҳамият касб этаётган Ўрта коридор лойиҳаси доирасида ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт-логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда минтақавий боғлиқликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, жумладан, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида Туркиянинг илғор тажрибасидан фойдаланиш, замонавий агротехника воситаларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш соҳасида қўшма ташаббусларни илгари суриш имкониятларига тўхталиб ўтилди.
Учрашувда томонлар Ҳукуматлараро комиссия доирасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, қўшма лойиҳаларни тизимли равишда илгари суриш ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликни аниқ амалий натижалар билан бойитиш борасида ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Шу билан бирга, томонлар давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида Туркия компаниялари билан амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан фикр алмашди.
Мулоқот давомида Туркия савдо вазири Омер Болат Ўзбекистонда бозор иқтисодиётини ривожлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, хусусий сектор фаоллигини ошириш ҳамда иқтисодий ислоҳотларни изчил амалга ошириш борасида эришилаётган натижаларни юқори баҳолади. Хусусан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда жадал иқтисодий трансформация ва барқарор ривожланишнинг муҳим марказларидан бирига айланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.