Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Депутатлар иқтисодий ва маъмурий судларни ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди

Дилафруз Ниязова · 20.01.2026 · 20:21 · 232 views
Депутатлар иқтисодий ва маъмурий судларни ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди
Депутатлар иқтисодий ва маъмурий судларни ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда фуқаролар ва тадбиркорлар учун иқтисодий ҳамда маъмурий судларга мурожаат қилишда қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят ва Иқтисодий процессуал кодекслари, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Жумладан, маъмурий суд ишлари юритувида — ҳуқуқи бузилган шахсларнинг танловига кўра, иқтисодий суд ишлари юритувида эса — тарафларнинг келишувига асосан экстерриториал судлов механизмини жорий этиш таклиф этилмоқда. Бунда ишни кўриб чиқадиган суд автоматлаштирилган ахборот тизими орқали белгиланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, ягона суд амалиётини шакллантириш мақсад қилинган. Бунинг доирасида туманлараро, туманлар, шаҳар иқтисодий судлари тугатилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида туманлараро иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилиши белгиланмоқда.

Яна бир муҳим янгилик— агар қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва даъво аризаси шу иш доирасида кўрилиши лозимлиги сабабли кўрмасдан қолдирилса, давлат божи қайтарилиши белгиланяпти.

Мажлисда таклиф этилаётган ўзгартишлар судга мурожаат қилишдаги ортиқча оворгарчиликларни камайтириш, коррупциявий омилларни бартараф этиш ҳамда суд қарорларининг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан қабул қилинди.