Қобулда Ўзбекистон–Афғонистон бизнес-форуми бўлиб ўтди
Қобулда Ўзбекистон–Афғонистон бизнес-форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қобул шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Форумда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, турли соҳаларда фаолият юритаётган 400 дан ортиқ тадбиркор ва инвестор иштирок этди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ва Афғонистон Саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий сўзга чиқиб, форум савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, экспорт географиясини диверсификация қилиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун муҳим майдон эканини таъкидладилар.
Тадбир доирасида ташкил этилган B2B учрашувларида тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, логистика ва бошқа соҳаларда янги ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилиниб, қатор келишувларга эришилди.
Форум якунида ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор келишув ва шартномалар имзоланди.