Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Прагада “Made in Uzbekistan” миллий кўргазма зали очилди

UzDaily таҳририяти · 29.07.2026 · 15:35 · 24 views
Прагада “Made in Uzbekistan” миллий кўргазма зали очилди
Прагада “Made in Uzbekistan” миллий кўргазма зали очилди / Фото: «Дунё» ахборот агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров бошчилигидаги делегациянинг Чехияга хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Чехиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган ташриф давомида ушбу давлатнинг қатор идораларида учрашувлар бўлиб ўтди.

Хусусан, делегация аъзолари Чехия стандартлаштириш, метрология ва синовлар бошқармаси (UNMZ), Метрология институти (SMI) ҳамда Қурилиш техник ва синов институти (TZÚS) вакиллари билан фикр-мулоҳаза алмашди.

Музокаралар давомида инфратузилмани ривожлантириш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Иштирокчилар Европа Иттифоқининг бозор назорати тажрибасини жорий этиш масалаларини муҳокама қилди. Мутахассислар метрология ва стандартлаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, сунъий интеллект технологияларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда илмий-инновацион ҳамкорликни ривожлантириш хусусида сўз юритди.

Ташриф давомида Чехияда малака оширишни ташкил этиш ҳамда Чехия Метрология институти билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор шериклик ҳужжатлари имзоланди.

Прага шаҳридаги “Anděl Park” бизнес мажмуасида иш бошлаган “Made in Uzbekistan” миллий шоуруми кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур шоурум Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорида кенг тарғиб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг Чехия ва бошқа Европа Иттифоқи мамлакатлари ишбилармон доиралари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Экспозицияда Ўзбекистоннинг 17 та етакчи корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган 48 турдаги экспортбоп маҳсулот намойиш этилди.