Ўзбекистон

Poytaxt Parking сохта парковка қарзлари ҳақидаги SMSлардан огоҳлантирди

Poytaxt Parking сохта парковка қарзлари ҳақидаги SMSлардан огоҳлантирди
Poytaxt Parking сохта парковка қарзлари ҳақидаги SMSлардан огоҳлантирди / Фото: Pixabay/Firmbee.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Poytaxt Parking компанияси аҳолини унинг номидан юборилаётган фирибгарлик мақсадидаги SMS-хабарлардан огоҳлантирди. Ушбу хабарларда фойдаланувчиларга гўёки парковка учун тўлов амалга оширилмагани ҳақида маълумот берилиб, қарзни тўлаш учун ҳаволага ўтиш таклиф қилинади. Бу ҳақда Poytaxt Parking матбуот хизмати хабар берди.

Компания таъкидлашича, у парковка учун тўловни учинчи томон ҳаволалари орқали амалга оширишни талаб қилувчи бундай хабарларни юбормайди. Тўлов ҳолатини фақат Poytaxt Parking расмий иловаси орқали текшириш мумкин.

Фойдаланувчиларга шубҳали хабарлардаги ҳаволаларни очмаслик, таклиф қилинган саҳифаларга банк картаси маълумотлари ва автомобиль давлат рақамларини киритмаслик тавсия этилди. Олинган SMS-хабарни ўчириб ташлаш лозим.

Агар шахс банк картаси маълумотларини аллақачон киритган бўлса, маблағлардан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш учун зудлик билан ўз банкига мурожаат қилиши ва картани блоклаши керак.

Тўловни текшириш ёки парковка хизматлари ҳақида маълумот олиш учун Poytaxt Parking компанияси бевосита қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилишни тавсия этди. Компания билан 78 113 67 00 телефон рақами ёки Telegram-бот — @PoytaxtParkingsupportbot орқали боғланиш мумкин.

Компания фуқароларни эҳтиёткор бўлишга, парковка хизматларини текшириш ва тўлашда фақат расмий каналлардан фойдаланишга чақирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.