Иқтисод

Пойабзал ва трансформаторлар 2027 йилдан маркировкаланади

Пойабзал ва трансформаторлар 2027 йилдан маркировкаланади
Пойабзал ва трансформаторлар 2027 йилдан маркировкаланади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан бошлаб ички бозорда сотиладиган айрим турдаги пойабзал ва трансформаторларни рақамли маркировкалаш бўйича тажриба-синов лойиҳаси бошланиши мумкин. 2028 йил 1 январдан эса маркировкалаш мажбурий бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Муҳокама 10 декабрга қадар давом этади.

Ҳужжат Президентнинг иккита қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. 2026 йил 2 июлдаги ПҚ-250-сон қарор чарм-пойабзал саноатида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва унинг экспортини оширишга бағишланган. 2026 йил 12 сентябрдаги ПҚ-325-сон қарор эса электротехника саноатини ривожлантиришга қаратилган. Биринчи қарор ички бозорда пойабзални мажбурий маркировкалашни, иккинчиси эса 2027 йилдан трансформаторларни маркировкалашни назарда тутади.

Талаб ТИФ ТН кодлари 6401–6405 бўлган пойабзал ва 8504 кодли трансформаторларга нисбатан татбиқ этилади. Ушбу товарларни идентификация воситалари орқали мажбурий маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритиш таклиф этилмоқда. Талабни жорий этиш санаси 2028 йил 1 январь этиб белгиланган.

2028 йил 1 январга қадар ишлаб чиқарилган ёки мамлакатга олиб кирилган маркировкасиз пойабзал ва трансформаторларни яна маълум муддат давомида сотишга рухсат берилади. Ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун бу муддат 2028 йил 1 апрелгача, улгуржи савдо учун 1 июлгача, чакана савдо учун эса 1 октябргача белгиланган.

Лойиҳа электр аккумуляторлари ва улар учун сепараторларга нисбатан талабларни ҳам кучайтиради. Уларни мажбурий маркировкалаш 2026 йил 1 январдан бошланган. 2027 йил 1 январдан эса Ўзбекистонда ушбу маҳсулотларни маркировкасиз ишлаб чиқариш тақиқланади. Агар юк божхона декларациясида импортнинг агрегатлаштирилган коди кўрсатилмаган бўлса, уларни эркин муомалага чиқариш божхона режимида расмийлаштиришга ҳам рухсат берилмайди.

Олти ой давомида ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва улгуржи савдо компаниялари маркировкасиз аккумуляторлар қолдиғини сотиб тугатиши мумкин бўлади. Улгуржи ва чакана савдо корхоналари эса қолган маҳсулотларни ихтиёрий равишда ва бепул маркировкалаши мумкин.

Шундан кейин ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар аккумуляторларни етказиб бериш занжири бўйича фақат электрон ҳисобварақ-фактураларда маркировка кодларини кўрсатган ҳамда маълумотларни миллий Asl belgisi ахборот тизимига узатган ҳолда кейинги босқичга топшириши мумкин бўлади. Маркировкасиз аккумуляторларни сотиш тақиқланади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.