Иқтисод

«Ўзбекгидроэнерго» ва ЕОТБ ҳамкорлик меморандумини имзолади

«Ўзбекгидроэнерго» ва ЕОТБ ҳамкорлик меморандумини имзолади
«Ўзбекгидроэнерго» ва ЕОТБ ҳамкорлик меморандумини имзолади / Фото: «Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) гидроэнергетика соҳасида узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

25 ноябрь куни компания бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов банк бошқаруви раиси Николай Подгузов бошчилигидаги ЕОТБ делегациясини қабул қилди. Учрашувда томонлар компанияни ривожлантиришнинг стратегик устувор йўналишлари, инвестиция дастурлари ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди.

2025 йил якунларига кўра, «Ўзбекгидроэнерго» таркибидаги гидроэлектр станцияларининг ўрнатилган қуввати 2 400 МВтга етди. Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 1 майдаги ПҚ-163-сон қарорига мувофиқ, 2032 йилга қадар ушбу кўрсаткични 5 538 МВтга етказиш режалаштирилган.

Бу мақсадга эришиш учун умумий қиймати қарийб 3,7 млрд долларни ташкил этувчи инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Дастур янги ГЭСларни қуриш, амалдаги станцияларни модернизация қилиш ҳамда Марказий Осиёдаги илк йирик гидроаккумуляция электр станцияларини барпо этишни ўз ичига олади.

Учрашув иштирокчилари инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш ва замонавий молиявий воситаларни жорий этиш имкониятларини кўриб чиқди. Устувор йўналишлар сифатида давлат кафолатларисиз узоқ муддатли корпоратив молиялаштириш, ўзаро боғлиқ лойиҳаларни ягона дастурга бирлаштириш ҳамда гидроэнергетика ускуналарини харид қилишни савдо молиялаштириши орқали қўллаб-қувватлаш белгиланди.

Шунингдек, техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш учун грант маблағларини жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Томонлар Пском ГЭСини молиялаштириш, Чорвоқ ГЭСини модернизация қилиш, Юқори Тўпаланг гидроэнергетика зонаси салоҳиятини ўзлаштириш, гидроаккумуляция станцияларини қуриш ва «ДжФК-5» ГЭСи лойиҳасини амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратди.

Бундан ташқари, тажриба алмашиш ва энг истиқболли йўналишлардаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида етакчи хорижий тармоқ компаниялари билан консорциумлар шаклида ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокама этилди.

ЕОТБ вакиллари 2031 йилга қадар Ўзбекистон иқтисодиётига 3 млрд долларгача инвестиция киритишни режалаштираётганини маълум қилди. Банк «Ўзбекгидроэнерго» билан истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди.

Томонлар, шунингдек, ЕОТБнинг молиявий маслаҳатчи, андеррайтер ва инвестор сифатида иштирок этиши имкониятларини кўриб чиқди.

Имзоланган меморандум устувор лойиҳалар портфелини шакллантириш, давлат кафолатларисиз корпоратив молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш ва техник ёрдам маблағларини жалб этишни назарда тутади.

Учрашув якунида томонлар амалий ишларни жадаллаштириш, аниқ вазифалар ва муддатлар белгиланган қўшма йўл харитасини тайёрлаш, шунингдек, устувор лойиҳаларни амалга оширишнинг молиявий шартларини ишлаб чиқишга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.