Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

ЎзЛиДеП фракцияси ЖСТ стандартларига мувофиқ экспорт тартибларини либераллаштиришни кўриб чиқди

Дилафруз Ниязова · 31.03.2026 · 13:00 · 179 views
ЎзЛиДеП фракцияси ЖСТ стандартларига мувофиқ экспорт тартибларини либераллаштиришни кўриб чиқди
ЎзЛиДеП фракцияси ЖСТ стандартларига мувофиқ экспорт тартибларини либераллаштиришни кўриб чиқди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига экспорт тартиб-таомилларини Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқди.

Қонун лойиҳаси билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларига биноан олиб чиқиладиган буюмлар ва маҳсулотларни экспорт қилишга доир рухсатнома бериш тартибини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа билан лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга қўлланиладиган жарималар рўйхатидан экспортга оид чекловлар чиқариб ташланмоқда.

—Мазкур қонун лойиҳасини партиямиз мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб обдон муҳокама қилдик, — деди фракция аъзоси Дилмурод Артиқов. —Унда белгиланаётган нормалар маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, экспортдаги мавжуд чекловларни бартараф этиш, рақобат ва очиқ бозор муҳитини яратишга хизмат қилади.

Ушбу ҳужжат партиямиз ғояларига уйғун эканлигини эътиборга олиб, уни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларимизни берган ҳолда, уни қўллаб-қувватладик.

Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.