Иқтисод

«Ўзбекнефтгаз» экспорт режасини 46,4 фоизга ошириб бажарди

«Ўзбекнефтгаз» экспорт режасини 46,4 фоизга ошириб бажарди
«Ўзбекнефтгаз» экспорт режасини 46,4 фоизга ошириб бажарди / Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти 2026 йил январь–октябрь ойларида 803,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди. Бу белгиланган режадан 46,4 фоизга кўп. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Ўн ой давомида товар маҳсулотлари ишлаб чиқариш режаси 103,7 фоизга бажарилди, ўсиш суръати эса 7,5 фоизни ташкил этди. Инвестицияларни ўзлаштириш режаси тўлиқ бажарилди, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича кўрсаткич эса 29,5 фоизга ошириб адо этилди.

Маҳсулот таннархини 2,1 триллион сўмга қисқартиришга эришилди. Давлат бюджетига тўланган маблағлар 7,9 триллион сўмни ташкил этди.

Суюқ углеводородлар қазиб олиш ҳажми 1,016 миллион тоннага етди.

Компания автомобиль бензини, дизель ёқилғиси, суюлтирилган газ, авиация керосини, олтингугурт ва полиэтилен ишлаб чиқариш бўйича режаларни ҳам ортиғи билан бажарди.

«Ўзбекнефтгаз» раҳбари Абдуғани Сангинов раислигида ўтказилган йиғилишда компаниянинг ўн ойлик фаолияти якунлари ва йил охиригача бажарилиши лозим бўлган вазифалар кўриб чиқилди.

Йиғилишда ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва 2027 йилга тайёргарлик кўриш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Муборак, Шўртан, Газли ва Устюрт нефть-газ қазиб чиқариш бошқармалари корхоналаридаги вазиятни жойига чиқиб ўрганиш натижаларига кўра, 459 та тадбирни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Уларнинг бажарилиши суткалик газ қазиб олиш ҳажмини қўшимча равишда 3,4 миллион куб метрга ошириш имконини бериши кутилмоқда.

Компания 2026 йил якунига қадар 22,8 миллиард куб метр табиий газ қазиб олишни режалаштирган. Сангинов масъул ходимларга геология-техник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, шунингдек, ҳар бир қудуқ салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича топшириқ берди.

Бундан ташқари, компаниянинг экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) мезонлари бўйича баҳоси 50 баллдан 55 баллга кўтарилди.

Йиғилишда ишчилар ётоқхоналари ва вагон-уйларни қиш мавсумига тайёрлаш, иситиш тизимларининг ҳолати, ходимларни қишки махсус кийим ва пойабзал, иссиқ овқат ҳамда ичимлик суви билан таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Тўртта ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган текширувлар якунлари бўйича масъулларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш топширилди.

2027 йил учун ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ва меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, «Нефть-газ соҳаси фахри» кўкрак нишони тўғрисидаги низомни ҳамда И. М. Губкин номидаги университет филиалини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.