Молия

Ўзбекистоннинг 12 та йирик банки тизим активларининг 79 фоизига эга

Ўзбекистоннинг 12 та йирик банки тизим активларининг 79 фоизига эга
Ўзбекистоннинг 12 та йирик банки тизим активларининг 79 фоизига эга / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда активлари 30 трлн сўмдан ортиқ бўлган 12 та тижорат банкининг жами активлари 821,9 трлн сўмни ёки банк тизими умумий активларининг қарийб 79 фоизини ташкил этди. Мамлакатда жами 35 та банк фаолият юритади, уларнинг активлари 1 044,8 трлн сўмга етган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабар берди.

Активлари 10 трлн сўмдан 30 трлн сўмгача бўлган яна 11 та банк ихтиёрида 181,5 трлн сўм мавжуд. Активлари 10 трлн сўмгача бўлган қолган 12 та банк эса жами 41,4 трлн сўм активни бошқаради. Жумладан, активлари 3 трлн сўмдан 10 трлн сўмгача бўлган олтита банкка 34,2 трлн сўм, активлари 3 трлн сўмгача бўлган олтита кичик банкка эса 7,2 трлн сўм тўғри келади.

Кредитлаш соҳасида активлар концентрацияси янада юқори. Банк тизимидаги 659,1 трлн сўмлик кредитларнинг 539,4 трлн сўми ёки қарийб 82 фоизи энг йирик банклар гуруҳи томонидан ажратилган. Ушбу банклар секторнинг соф фойдасидан ҳам учдан икки қисмидан кўпроғига эга: 15,3 трлн сўмлик умумий фойданинг 10,3 трлн сўми улар ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, аҳоли омонатларининг қарийб 73 фоизи ҳам мазкур банклар улушига тўғри келади.

Кредит портфелининг қарийб 89 фоизини узоқ муддатли кредитлар ташкил этади. Уларнинг ҳажми 583,5 трлн сўмга тенг, қисқа муддатли кредитлар эса 75,6 трлн сўмни ташкил қилади. Миллий валютада 406,8 трлн сўм ёки жами кредитларнинг 62 фоизи, хорижий валютада эса 252,3 трлн сўм ёки 38 фоизи ажратилган. Банклар юридик шахсларга 410,7 трлн сўм, жисмоний шахсларга эса 248,4 трлн сўм кредит берган.

Валютада ажратилган кредитларнинг улуши банклар гуруҳлари бўйича сезиларли даражада фарқ қилади. Активлари 30 трлн сўмдан ортиқ бўлган банкларда бу кўрсаткич 40 фоиздан юқори, энг кичик банкларда эса тахминан 17 фоизни ташкил этади.

Банк тизимидаги жами депозитлар 501 трлн сўмга етди. Уларнинг 309,4 трлн сўми ёки 62 фоизи юридик шахслар маблағлари, 191,6 трлн сўми ёки 38 фоизи аҳоли омонатлари ҳиссасига тўғри келади.

Банк тизимининг капитали 152,9 трлн сўмни, капитал етарлилиги коэффициенти эса 18,2 фоизни ташкил этди. Активлар рентабеллиги (ROA) 2,4 фоиз, капитал рентабеллиги (ROE) эса 14,1 фоиз даражасида шаклланди.

Даромадлиликнинг энг юқори кўрсаткичлари активлари 3 трлн сўмдан 10 трлн сўмгача бўлган банкларда қайд этилди: ROA — 5,3 фоиз, ROE — 23,7 фоиз. Активлари 10 трлн сўмдан 30 трлн сўмгача бўлган банкларда ушбу кўрсаткичлар мос равишда 3,7 ва 20,8 фоизни, энг йирик банкларда эса 2 ва 12,3 фоизни ташкил қилди.

Энг паст даромадлилик активлари 3 трлн сўмгача бўлган банкларда кузатилди: ROA — 1 фоиз, ROE — 2 фоиз. Уларнинг жами фойдаси 39 млрд сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу банкларда капитал захираси энг юқори бўлиб, капитал етарлилиги коэффициенти 27,2 фоизга етди. Энг йирик банкларда эса бу кўрсаткич гуруҳлар орасида энг паст — 17,6 фоизни ташкил қилди.

Марказий банк баҳосига кўра, келтирилган маълумотлар банклар кредит портфелида узоқ муддатли кредитлар, депозитлар базасида эса юридик шахслар маблағлари улуши юқори эканини кўрсатади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.