Ўзбекистонлик оғир атлетикачилар яна 15 медаль олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари Тошкентда ўтаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида яна 15 та медални қўлга киритди. Мусобақанинг навбатдаги куни якунларига кўра, ўзбекистонлик спортчилар бир олтин, беш кумуш ва тўққиз бронза медалини жамғарди.
Ўсмирлар ўртасида 95 кг вазн тоифасида Муҳаммадшокир Турдалиев олтин медални қўлга киритди. У даст кўтариш машқида энг яхши натижани қайд этди.
Турдалиев шунингдек, мазкур вазн тоифасида иккикураш бўйича кумуш медалга сазовор бўлди.
Ёшлар ўртасида 95 кг вазн тоифасида Бекзод Ғофиржонов яна икки кумуш медални қўлга киритди. У даст кўтариш ва иккикураш бўйича иккинчи ўринни эгаллади.
Дилнура Холдорова ёшлар ўртасида 77 кг вазн тоифасида икки кумуш медалга сазовор бўлди. У силтаб кўтариш ва иккикурашда иккинчи ўринни эгаллади.
Ўсмирлар ўртасида Алишер Осмонов, Элбек Идиев ва Хулкар Рўзиқулова бронза медалларини қўлга киритди.
Осмонов 95 кг вазн тоифасида даст кўтариш ва иккикураш бўйича бронза медалларини олди. Идиев 95 кгдан юқори вазн тоифасида силтаб кўтариш, даст кўтариш ва иккикурашда учинчи ўринни эгаллади. Рўзиқулова эса 77 кгдан юқори вазн тоифасида силтаб кўтариш машқида бронза медалга сазовор бўлди.
Ёшлар ўртасида 77 кг вазн тоифасида Дилноза Файзуллаева учта бронза медални қўлга киритди. У силтаб кўтариш, даст кўтариш ва иккикураш бўйича учинчи ўринни эгаллади.
Шундай қилиб, мусобақанинг навбатдаги кунида ўзбекистонлик оғир атлетикачилар медаллар жамғармасини 15 та соврин билан тўлдирди: бир олтин, беш кумуш ва тўққиз бронза медали. Тошкентда ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати давом этмоқда.