Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистонда яшаш жойида рўйхатдан ўтиш соддалаштирилади

UzDaily таҳририяти · 11.08.2026 · 17:49 · 19 views
Ўзбекистонда яшаш жойида рўйхатдан ўтиш соддалаштирилади
Ўзбекистонда яшаш жойида рўйхатдан ўтиш соддалаштирилади / Фото: Олий Мажлис Сенати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.

Ушбу ҳужжат аҳолини яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш жараёнларини янада соддалаштириш орқали фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ таъминлашга қаратилган.

Қонун лойиҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада тўлиқ таъминлашга қаратилган учта муҳим янгилик назарда тутилмоқда. Хусусан, оила аъзолари ва яқин қариндошлари турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасини қўллаш билан боғлиқ чекловлар бекор қилинмоқда.

Яъни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, бува-буви ва неваралар, шунингдек, ака-ука ва опа-сингиллар бир-бирининг уй-жойига рўйхатдан ўтаётганда хонадон майдони белгиланган меъёрдан кам бўлса ҳам, бу ҳолат рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қилмаслиги назарда тутиляпти. Бу эса оила аъзолари ва яқин қариндошларни бир манзилда рўйхатдан ўтказишни енгиллаштиришга хизмат қилади.

Лойиҳада талабалар турар жойларида истиқомат қилаётган талабаларга нисбатан алоҳида ҳуқуқий механизм жорий этилиб, уларни рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қўлланилмаслиги ҳам белгиланмоқда. Бу эса олий таълим муассасаларида талабаларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ мавжуд амалий муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Бугунги кунда ипотека кредити ёки субсидия асосида уй сотиб олган кўплаб фуқаролар ўз уйида рўйхатдан ўтишда қийинчиликка дуч келмоқда. Бу эса уларга фарзандларини мактаб ёки боғчага жойлаштириш, поликлиникага бириктириш, пенсия ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишда муаммо туғдиряпти.

Қонун лойиҳасига кўра, эндиликда уй-жойга тақиқ қўйилган бўлса ҳам, мулкдор ва унинг яқин қариндошларини уй-жойга тақиқ ёки хатлов қўйилган турар-жойда рўйхатдан ўтказишда гаровга олиш, тақиқ қўйиш ёки бекор қилишга ваколатли органлар (банк, суд, МИБ)нинг розилиги талаб этилмайди. Бу тартиб, аввало, уй-жой мулкдори ва унинг оила аъзоларининг ўз уйида қонуний рўйхатдан ўтишига имконият яратади.

Айни вақтда гаровга олувчи ва давлат органларининг қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида рўйхатдан ўтказилаётган шахснинг олдиндан ёзма розилиги институти жорий этилмоқда. Ушбу механизмга кўра, гаровга олувчи ёки тақиқ (хатлов) қўйган ваколатли органнинг мурожаатига асосан унинг рўйхатдан ўтказилганлиги бекор қилиниши мумкин бўлади. Мазкур ҳуқуқий ечим бир томондан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини, иккинчи томондан кредиторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳам етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти ва зарурати ҳақида алоҳида тўхталиб, ундаги айрим нормалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини билдирди. Ушбу ҳужжат аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматларини янада содда ва қулай қилишга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ишончли таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.