Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Ўзбекистон Энергетика вазирлиги фуқароларни газ ускуналарига техник хизмат кўрсатиш бўйича хусусий ташкилотлар хизматларидан фойдаланишга мажбурлаш мумкин эмаслигини маълум қилди. Хусусий компаниялар ўз хизматларидан воз кечган тақдирда хонадонларни газ таъминотидан узиш билан ҳам таҳдид қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Вазирлик маълум қилишича, сўнгги вақтларда қатор ҳудудлардан хусусий ташкилотлар вакилларининг хонадонларга ташриф буюраётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда. Улар газ плитаси ва қозонларига техник хизмат кўрсатишни таклиф қилмоқда. Айрим ҳолларда эса истеъмолчи бундай хизматлардан фойдаланиши шартлиги, акс ҳолда унинг хонадони газдан узилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Амалдаги қонунчилик тегишли рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлган юридик шахсларга газдан фойдаланувчи ускуналар ва газ тармоқларига техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланиш имконини беради. Бироқ бундай хизматлар истеъмолчининг ўзи берган ёзма, оғзаки ёки электрон буюртма асосида, белгиланган тарифлар ва шартларга мувофиқ кўрсатилади.
Мазкур қоидалар Вазирлар Маҳкамасининг 319-сон қарори 12-бандида белгиланган.
Энергетика вазирлиги хусусий ташкилотларга истеъмолчилардан ўз хизматларидан мажбурий равишда фойдаланишни талаб қилиш ёки бундай хизматлардан воз кечгани учун хонадони газ таъминотидан мустақил равишда узиш ваколати берилмаганини таъкидлади. Бундай талаблар қонунга хилоф ҳисобланади.
Истеъмолчини табиий газ учун қарздорлиги сабабли газ тармоғидан узиш белгиланган тартибда газ таъминоти ташкилоти томонидан амалга оширилади.
Газ ускуналарининг техник ҳолати ва хавфсизлигини текшириш ёки уларга техник хизмат кўрсатиш зарур бўлса, истеъмолчилар ихтиёрий равишда «Hududgazta’minot» АЖнинг ҳудудий газ таъминоти ташкилотларига мурожаат қилишлари мумкин.
Хусусий ташкилотлар томонидан босим ўтказиш, хизматлардан фойдаланишга мажбурлаш ёки газни узиш билан таҳдид қилиш ҳолатлари ҳақида Энергетика вазирлигига @anticorenergetikauz_bot Telegram-боти орқали ёки +998 71 231 10 64 ишонч телефони орқали хабар бериш мумкин.
«Hududgazta’minot» АЖда мурожаатлар +998 71 202 11 04 ва 1104 телефон рақамлари, шунингдек, hgtantikorbot Telegram-боти орқали қабул қилинади.
Энергетика вазирлиги шу билан бирга истеъмолчиларни куз-қиш мавсумида табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланишда эҳтиёт чораларини кучайтиришга чақирди. Газ ускуналари ва мўриларнинг соз ҳолатда бўлишига, шунингдек, белгиланган хавфсизлик талабларига риоя этишга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди.
Бу газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши, ис газидан заҳарланиш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун зарур.