Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Иорданиянинг Manaseer Group компанияси шўрланган қишлоқ хўжалиги ерларида компаниянинг агрокимёвий препаратлари ҳамда биологик воситаларини бепул дала шароитида синаб кўришга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Ҳамкорлик масалалари вазирлик вакилларининг Manaseer Group раҳбарияти билан учрашувида муҳокама қилинди.
Томонлар замонавий агротехнологияларни қўллаш орқали шўрланган тупроқлар унумдорлигини тиклаш, сув ва минерал ўғитлар сарфини камайтириш, шунингдек, буғдой ҳамда пахта ҳосилдорлигини ошириш имкониятларини кўриб чиқди.
Иордания компанияси вакиллари ўзларининг агрокимёвий препаратлари ва биологик ечимларини Ўзбекистон шароитида синаб кўришга тайёр эканликларини билдирди. Шунингдек, маҳаллий мутахассисларга техник кўмак кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.
Биринчи босқичда Manaseer Group препаратлари мамлакатнинг бир нечта ҳудудидаги буғдой, пахта ва картошка экин майдонларида бепул синовдан ўтказилади.
Ишлар фермер хўжаликлари далаларида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари олимлари иштирокида амалга оширилади.
Синовлар шўрланган ерлар унумдорлигини ошириш, ресурслардан янада самарали фойдаланиш ва илмий асосланган агротехнологик ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган.