Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 19 ноябрь куни Туркиянинг OYAK компанияси бош директори Мурат Ялчинташ билан учрашди.
Музокаралар Ўзбекистон ва Туркия ўртасида бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Олий даражадаги кенгаш йиғилиши доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг ҳолати, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Хусусан, учрашув иштирокчилари кимё ва агрокимё саноати, тоғ-кон саноати ҳамда қурилиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқди.
Муҳокамалардан бири Бухоро вилоятидаги газ-кимё лойиҳаси учун инфратузилма яратиш масаласи бўлди. Томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини такомиллаштиришни муҳокама қилди.
Шунингдек, Навоий вилоятининг тоғ-кон саноатида ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва органоминерал ўғитлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари лойиҳани амалга ошириш жараёни юзасидан фикр алмашиб, корхонани ўз вақтида ишга тушириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, томонлар OYAK компаниясининг «Янги Тошкент» лойиҳасидаги фаолиятини кенгайтириш ва қурилиш лойиҳаларида иштирок этиш режаларини муҳокама қилди.
Учрашув кун тартибидан логистика инфратузилмасини ривожлантириш, логистика хизматлари турларини кенгайтириш, замонавий шифохоналар ташкил этиш ва фармацевтика саноатини ривожлантириш масалалари ҳам ўрин олди.
Музокаралар якунида томонлар кўриб чиқилган йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни илгари суриш ва янги қўшма ташаббусларни тайёрлаш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.