Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда нуфузли халқаро мусобақаларда медалларни қўлга киритган шахматчилар ва уларнинг мураббийлари учун бир марталик пул мукофотлари миқдори оширилди. Тегишли қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 сентябрдаги ПҚ–346-сонли қарори билан қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, катталар ўртасидаги Жаҳон шахмат Олимпиадаси ва Паралимпиадасида олтин медаль учун спортчига 200 минг доллар, кумуш медаль учун 100 минг доллар, бронза медаль учун 50 минг доллар тўланади. Мураббийлар учун эса тегишли равишда 50 минг, 25 минг ва 12,5 минг доллар миқдорида мукофот белгиланган.
Ёшлар ўртасидаги Жаҳон шахмат Олимпиадаси ва Паралимпиадасида спортчилар учун мукофот миқдори олтин медаль учун 20 минг доллар, кумуш медаль учун 10 минг доллар ва бронза медаль учун 5 минг доллардан иборат бўлади. Мураббийларга тегишли равишда 5 минг, 2,5 минг ва 1 250 доллар тўланади.
Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) таснифи бўйича жаҳон даражасидаги мусобақаларда медаль қўлга киритган шахматчиларга олтин медаль учун 15 минг доллар, кумуш медаль учун 7 500 доллар ва бронза медаль учун 3 750 доллар миқдорида тўлов назарда тутилган. Мураббийлар учун эса тегишли равишда 7 минг, 3 500 ва 1 750 доллар белгиланган.
ФИДЕ таснифи бўйича Осиё даражасидаги мусобақаларда спортчиларга олтин медаль учун 10 минг доллар, кумуш медаль учун 5 минг доллар ва бронза медаль учун 2 500 доллар тўланади. Мураббийлар мукофоти эса тегишли равишда 5 минг, 2 500 ва 1 250 долларни ташкил этади.
Спортчига халқаро гроссмейстер унвони берилгани учун алоҳида 5 минг доллар миқдорида тўлов ҳам назарда тутилган.
Қарорда мураббийларга мўлжалланган тўловларни тақсимлаш тартиби ҳам белгиланган. Маблағни спортчини сўнгги бир йил давомида тайёрлаган мураббий олади. Шу билан бирга, тегишли мураббийлар кенгашининг қарорига кўра, мукофот сўнгги тўрт йил давомида спортчини тайёрлашда иштирок этган ушбу мураббий ва бошқа мутахассислар ўртасида тақсимланиши мумкин.