Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистонда рақамли сув ресурсларини бошқариш жорий этилади

UzDaily · 17.06.2026 · 21:35 · 31 views
Ўзбекистонда рақамли сув ресурсларини бошқариш жорий этилади

Ўзбекистонда рақамли сув ресурсларини бошқариш жорий этилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда обдон муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда мониторингини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, соҳани рақамлаштириш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Муҳокама қилинган қонун лойиҳаси ҳам мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, сув хўжалиги соҳасидаги мавжуд муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган.

Хусусан, лойиҳада сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномаларни махсус ахборот тизими орқали автоматлаштирилган тарзда электрон шаклда рўйхатдан ўтказиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда. Депутатлар фикрича, мазкур янгилик инсон омилини камайтириш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, сув хўжалиги объектлари ва хизматларини аутсорсинг ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш жараёнларини тендер ва танловлар орқали амалга ошириш тартиблари аниқлаштирилмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар сув ресурслари иқтисодий тараққиёт, экологик барқарорлик ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шу боис, мазкур соҳада замонавий бошқарув усулларини кенг жорий этиш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва хусусий сектор имкониятларини жалб қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканлиги қайд этилди.

Мажлисда қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор аниқлаштирувчи саволлар кўтарилди, тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.   

Мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

UzDaily · 👁 31 views · 17.06.2026 · 21:35