Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Капитал бозори тўғрисидаги қонун Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди

UzDaily таҳририяти · 28.07.2026 · 19:15 · 34 views
Капитал бозори тўғрисидаги қонун Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди

Капитал бозори тўғрисидаги қонун Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди / Сурат: Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг мақсади — мамлакатимизда капитал бозорини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ва замонавий молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятларини яратишдан иборатдир.

Шу мақсадда қонун лойиҳаси билан аҳоли ва инвесторлар учун янги молиявий воситалар, хусусан, сукук — ислом облигациялари, барқарор ривожланиш облигациялари, қопланган ва секюритизацияланган облигациялар муомалага киритилади. Шунингдек, инвесторлар ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш тизими кучайтирилади ҳамда бозор инфратузилмаси фаолияти тартибга солиниб, капитал бозорининг инвестициявий жозибадорлиги оширилади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг бир қанча муҳим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, лойиҳада инвесторларни жалб қилиш, корпоратив бошқарув сифатини ошириш ва компаниялар томонидан ахборотларни очиқ-ошкор қилиш талабларини кучайтириш назарда тутилганига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, бозорни назорат қилувчи орган (регулятор) ваколатларини Қимматли қоғозлар комиссиялари бўйича халқаро ташкилот (ИОССО) тамойилларига мувофиқлаштириш ҳамда Марказий депозитарий, рейтинг агентликлари фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ва амалиётга татбиқ этилиши натижасида молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгаяди, замонавий ва жозибадор инвестиция воситалари пайдо бўлади. Бундан ташқари, инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниб, янада қулай ва очиқ-шаффоф муҳит яратилади. Энг муҳими, мамлакат иқтисодиётига ҳам маҳаллий, ҳам хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш имконияти ошади, капитал бозори рақобатбардош бўлади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.