Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2027 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда давлат пенсияларини тайинлашда фуқароларга хизмат кўрсатишнинг ихчам тизимига ўтиш режалаштирилмоқда.
Ғазначилик қўмитаси ва Пенсия жамғармасининг туман ҳамда шаҳар бўлимлари ўрнига ҳар бир туман ва шаҳарда бир нафардан уч нафаргача мутахассис ишлайдиган офислар ташкил этилади. Бу ҳақда 2026 йил 19 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг 576-сон қарори қабул қилинди.
Ислоҳот ғазначилик хизматлари ва пенсия таъминоти жараёнларини рақамлаштириш ҳамда автоматлаштиришни назарда тутади.
Янги офислар пенсия тайинлаш, ҳолатлар ўзгарганда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш, пенсия турини ўзгартириш ва тўловларни ташкил этиш билан шуғулланади.
Янги тизимга ўтиш дастлаб тажриба-синов босқичидан бошланади. 2026 йил октябрь–декабрь ойларида Андижон, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларининг айрим шаҳарларида пенсия тайинлаш ва тўлаш вазифалари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаларига ўтказилади.
Тажриба-синов ўтказиладиган туманларда уч нафардан иборат комиссиялар тузилади. Улар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган амалдаги низомга мувофиқ давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш масалаларини кўриб чиқади.
Тажриба-синов якунланиб, унинг натижалари баҳолангандан сўнг, 2027 йил 1 январдан бошлаб ихчам тизимни бутун мамлакат бўйлаб жорий этиш режалаштирилган.
Ислоҳотларга Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 26 июндаги ПФ-105-сон фармони асос бўлган. Ушбу ҳужжатда Ғазначилик қўмитаси ва Пенсия жамғармасининг туман ҳамда шаҳар бўлимларини тугатиш ва улар ўрнига ихчам хизмат кўрсатиш офисларини ташкил этиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда Пенсия жамғармаси ҳузурида халқаро маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда лойиҳа офиси ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унинг асосий вазифалари жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш ва унинг молиявий барқарорлигини оширишдан иборат бўлади.