Молия

Ўзбекистонда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинланиши мумкин

Ўзбекистонда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинланиши мумкин
Ўзбекистонда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинланиши мумкин / Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда ишдан бўшатилган айрим тоифадаги ходимларга уч ой давомида муносиб иш топиш имкони бўлмаса, ёшга доир муддатидан олдин пенсия тайинланиши мумкин.

Тегишли тартиб 2026 йил 28 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган.

Муддатидан олдин пенсия олиш ҳуқуқи 58 ёшдан 60 ёшгача бўлган, меҳнат стажи камида 25 йилни ташкил этувчи эркакларга берилади. Аёллар учун ёш чегараси 53 ёшдан 55 ёшгача бўлиб, зарур меҳнат стажи камида 20 йилни ташкил этиши керак.

Муддатидан олдин пенсияни расмийлаштириш учун фуқаро Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза бериши лозим. Аризага меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхаси илова қилинади. Агар меҳнат стажига оид маълумотлар ҳали тўлиқ электрон шаклга ўтказилмаган бўлса, қўшимча равишда меҳнат дафтарчасининг нусхаси талаб этилади.

Ҳужжатлар топширилганидан сўнг, маҳаллий бандлик масалалари бўйича орган икки иш куни давомида тақдим этилган маълумотларни текширади ва фуқарони иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олади.

Кейинги уч ой давомида бандлик хизмати мутахассислари унга муносиб иш қидиради. Агар ушбу даврда ишга жойлашиш имкони бўлмаса, фуқаро ишсиз деб эътироф этилади. Шундан сўнг муддатидан олдин пенсия тайинлаш учун ҳужжатлар Пенсия жамғармасига юборилади.

Муддатидан олдин пенсияни расмийлаштириш бўйича давлат хизмати бепул кўрсатилади.

Пенсия тайинланганидан сўнг ишсизлик нафақасини тўлаш кейинги ойдан бошлаб тўхтатилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.