Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда технологик стартаплар учун мўлжалланган Deal Velocity Bootcamp акселерация дастурининг янги мавсумига аризалар қабул қилиш бошланди.
Дастур MOST C-Space Hub томонидан бош ҳамкор United Ventures ва Startup Booster билан биргаликда ташкил этилмоқда. Бу мавсумда ташкилотчилар 10 кунлик жадал офлайн ишлашга мўлжалланган янгиланган форматни тақдим этди.
Дастур 2026 йил 8 декабрдан 17 декабрга қадар бўлиб ўтади. Дастлабки беш кун иштирокчилар хабда, кейинги беш кун эса Тошкент яқинидаги сайёр интенсив машғулотларда иштирок этади.
Таълим давомида стартаплар ўз бизнес моделлари ва бозорга чиқиш стратегиясини такомиллаштириш, инвесторлар учун тақдимотлар тайёрлаш ҳамда Demo Day тадбирида ўз лойиҳаларини намойиш этиш имкониятига эга бўлади.
Дастурдан экспертлар билан машғулотлар, менторлар билан индивидуал учрашувлар ва инвесторлар билан музокаралар ҳам ўрин олган. Ишчи тиллар рус ва инглиз тиллари бўлади.
Дастурда MVP босқичида бўлган ва Ўзбекистон бозори учун маҳсулот ишлаб чиқаётган технологик стартаплар иштирок этиши мумкин. Иштирокчилардан 10 кун давомида бутун дастурда офлайн тарзда қатнашишга тайёр бўлиш талаб этилади.
Буткемп якунлари бўйича United Ventures иштирокчиларнинг лойиҳаларини кўриб чиқади ва уларнинг инвестициявий салоҳиятини баҳолайди. Шу билан бирга, ташкилотчилар янги мавсум лойиҳалари учун кафолатланган молиялаштириш ёки инвестиция киритиш бўйича мажбуриятлар мавжудлигини маълум қилмаган.
Deal Velocity дастурининг биринчи мавсумида иштирок этган стартаплар умумий қиймати 310 минг долларни ташкил этган дастлабки инвестиция мажбуриятларига эга бўлган.
Аризалар 2026 йил 5 декабрга қадар қабул қилинади. Дастурда иштирок этиш учун https://investready.uz/dealvelocitybootcampuz сайти орқали ариза топшириш мумкин.