Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) дастлабки босқичда Янги Тошкентдаги инфратузилма лойиҳаларини $100 млн миқдорида молиялаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда банк хабар берди.
Айни пайтда Янги Тошкент қурилиши дирекцияси томонлар умумий қиймати $2,5 млрд бўлган саккизта устувор лойиҳани белгилаганини маълум қилган эди. Устувор йўналишлар рўйхатига метро линияларини, спорт ва тиббиёт мажмуаларини қуриш, коммунал инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, кўп функцияли шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш киритилган.
Янги шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва халқаро инвестицияларни жалб қилишга қаратилган ҳамкорлик меморандумига ЕОТБ ҳамда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янги Тошкент қурилиши дирекцияси имзо чекди.
Ҳужжатни ЕОТБ бошқаруви раисининг ўринбосари Алексей Скатин ва дирекция директори, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари Давронжон Адилов имзолади. Имзолаш маросими банк делегациясининг Ўзбекистонга ишчи ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
ЕОТБ бошқаруви раиси Николай Подгузов Янги Тошкент Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳарсозлик лойиҳаларидан бири эканини таъкидлади. Унинг амалга оширилиши катта миқдордаги инвестициялар ва замонавий молиявий ечимларни талаб қилади.
«Биз дастлабки босқичнинг ўзидаёқ умумий қиймати $100 млн бўлган истиқболли лойиҳаларни кўриб чиқмоқдамиз», — деди у.
Подгузовнинг сўзларига кўра, банк учун нафақат капитал жалб қилиш, балки йирик инфратузилма ташаббусларини инвестициявий жиҳатдан жозибадор ва иқтисодий барқарор қиладиган шарт-шароитларни яратиш ҳам принципиал аҳамиятга эга. ЕОТБ мураккаб битимларни таркиблаштириш бўйича тажрибаси, давлат-хусусий шериклик механизмлари ва халқаро инвесторларни жалб қилиш имкониятларидан фойдаланишга тайёр.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналишларидан бири ЕОТБга аъзо давлатлардан инвестициялар жалб қилиш бўлади. Томонлар Янги Тошкентнинг инвестициявий салоҳиятини илгари суришга кўмаклашиш ниятида.
Меморандум доирасида лойиҳаларни дастлабки тайёрлаш учун ЕОТБнинг Техник кўмаклашиш жамғармасини жалб қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилади. Бу зарур тадқиқотларни ўтказиш, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш ва лойиҳаларни таркиблаштиришни ўз ичига олади.
Дирекция маълумотларига кўра, устувор йўналишлар рўйхатига метро линиялари, спорт ва тиббиёт мажмуаларини қуриш, коммунал инфратузилмани ривожлантириш ҳамда кўп функцияли шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш киритилган.
ЕОТБ — Евроосиё маконида инвестиция фаолиятини амалга оширувчи кўп томонлама тараққиёт банки ҳисобланади. 2026 йил июнь ойи охири ҳолатига кўра, банкнинг жамғарилган портфелида умумий инвестиция ҳажми $22,1 млрд бўлган 348 та лойиҳа мавжуд. Уларнинг асосий қисмини транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, яшил энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларидаги интеграциявий самарага эга лойиҳалар ташкил этади.
Аниқлик киритиш. Материалнинг дастлабки таҳририда ЕОТБ Янги Тошкент инфратузилма лойиҳаларига $2,5 млрд йўналтириши мумкинлиги ва меморандумни банк бошқаруви раиси Николай Подгузов имзолагани ҳақида хабар берилган эди. Бу маълумотлар Янги Тошкент қурилиши дирекцияси хабари асосида келтирилган.
Кейинчалик ЕОТБ дастлабки босқичда умумий қиймати $100 млн бўлган истиқболли лойиҳаларни кўриб чиқаётганига аниқлик киритди. $2,5 млрд маблағ эса дирекция маълумотларига кўра, томонлар белгилаган саккизта устувор лойиҳанинг умумий қиймати бўлиб, ЕОТБ молиялаштириши ҳажмини англатмайди.
Бундан ташқари, меморандумни банк номидан Николай Подгузов эмас, балки ЕОТБ бошқаруви раисининг ўринбосари Алексей Скатин имзолаган. Матнга тегишли ўзгартиришлар киритилди.