Шошилинч
Ўзбекистон

Ўзбекистонда авиация соҳасида янги жарималар жорий этиш таклиф қилинди

Ўзбекистонда авиация соҳасида янги жарималар жорий этиш таклиф қилинди
Ўзбекистонда авиация соҳасида янги жарималар жорий этиш таклиф қилинди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Транспорт вазирлиги фуқаро авиацияси қоидаларини бузганлик учун жарималар тизимини ўзгартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Ҳужжат Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали — СОВАЗда жойлаштирилган бўлиб, уни муҳокама қилиш 24 октябрга қадар давом этади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритиладиган ўзгартиришлар ҳаво транспорти соҳасидаги қоидабузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Асосий ўзгаришлардан бири парвозлар хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни тартибга солувчи 116-моддага тааллуқли. Ушбу моддани ҳуқуқбузарликнинг тўртта янги тури билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Ҳаво кемасини тегишли рухсатномасиз бошқариш ёки парвозларни таъминлаш билан бевосита боғлиқ фаолиятни тегишли рухсатсиз амалга ошириш учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 10 баравари, яъни 4,4 млн сўм миқдорида жарима белгилаш режалаштирилмоқда. Манcабдор шахслар учун жарима 20 БҲМ — 8,8 млн сўмни ташкил этади.

Йўловчилар ёки юкларнинг белгиланган сиғим меъёридан оширилган ҳолда, шунингдек, ҳаво кемасининг максимал учиш массаси ёки марказлашувига қўйилган чекловлар бузилган ҳолда парвозни амалга ошириш учун 15 БҲМ, яъни 6,6 млн сўм миқдорида жарима қўллаш таклиф қилинмоқда.

Носоз ҳаво кемасида ёки ундан фойдаланиш тақиқланган ҳолатда парвозни амалга ошириш 20 БҲМ — 8,8 млн сўм миқдорида жарима билан жазоланади.

Самолёт ёки вертолётдан тегишли рўйхатдан ўтказмасдан ёхуд таниб олиш ёки рўйхатдан ўтказиш белгилари бўлмаган ҳолда фойдаланганлик учун 10 БҲМдан 20 БҲМгача, яъни 4,4 млн сўмдан 8,8 млн сўмгача жарима белгилаш назарда тутилмоқда.

Самолёт бортидаги хулқ-атвор қоидаларига ўзгартиришлар

Қонун лойиҳасида Кодекснинг 117-моддасига ҳам ўзгартириш киритиш кўзда тутилган. Ўзгартиришлар қабул қилинган тақдирда, ушбу модда ҳаво кемаси командири ёки экипаж аъзоларининг бортда ҳаракатланиш қоидаларига риоя этишга оид кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарликни белгилайди.

Биринчи марта содир этилган қоидабузарлик учун 5–10 БҲМ, яъни 2,2 млн сўмдан 4,4 млн сўмгача жарима тайинлаш таклиф этилмоқда.

Агар шунга ўхшаш ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, жарима миқдори 15–20 БҲМни, яъни 6,6 млн сўмдан 8,8 млн сўмгача бўлган суммани ташкил этади.

Шу билан бирга, самолёт бортида суратга олиш, кино ва видео тасвирга тушириш қоидаларини бузиш ёки радиоалоқа воситаларидан фойдаланиш талабларига риоя этмаслик учун алоҳида белгиланган жазо чорасини бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Ҳозирда бундай ҳаракатлар учун 3–5 БҲМ, яъни 1,32 млн сўмдан 2,2 млн сўмгача жарима белгиланган.

Вазирликлар кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарлик

Яна бир янгилик — Транспорт вазирлиги ёки Фуқаро авиацияси агентлиги («Ўзавиация») кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарликни тартибга солувчи 198-10-моддани жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Биринчи марта қоидабузарлик содир этилганда, фуқароларга 20 БҲМ, яъни 8,8 млн сўм, мансабдор шахсларга эса 50 БҲМ, яъни 22 млн сўм миқдорида жарима солиниши мумкин.

Агар шахс худди шундай ҳуқуқбузарлик учун такроран жавобгарликка тортилса, жарима миқдори фуқаролар учун 50 БҲМга, мансабдор шахслар учун эса 100 БҲМгача оширилади.

Пул ифодасида бу тегишлича 22 млн ва 44 млн сўмни ташкил этади.

Таклиф этилаётган нормалар ҳозирча қонун лойиҳаси мақомига эга.

Якуний қарорлар ҳужжатни кўриб чиқиш ва 24 октябрда тугайдиган жамоатчилик муҳокамаси натижаларига кўра қабул қилинади.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.