Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 10 октябрь куни Эр-Риёддаги Қирол Холид номидаги халқаро аэропортнинг 3-терминалига қилинган ҳужум оқибатида Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси енгил жароҳат олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев маълум қилди.
1977 ва 1997 йилларда туғилган жабрланувчиларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилди. Шундан сўнг улар Diriyah Hospital шифохонасига олиб борилди. Текширув ва зарур тиббий муолажалардан кейин ҳар икки бемор шифохонадан жавоб берилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса вақтида аэропортда бўлган Ўзбекистоннинг яна қарийб 20 нафар фуқароси жабрланмаган.
Файзиевнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг Эр-Риёддаги элчихонаси Саудия Арабистонининг ваколатли органлари билан биргаликда вазиятни кузатиб бормоқда, мамлакат фуқаролари билан алоқада бўлиб, зарур консуллик ёрдамини кўрсатмоқда.