Иқтисод

Ўзбекистон ягона йўловчи ташиш тизимини яратади

Ўзбекистон ягона йўловчи ташиш тизимини яратади
Ўзбекистон ягона йўловчи ташиш тизимини яратади / Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 2030 йилга қадар ички йўналишларда йўловчи ташиш ҳажмини йилига 2 млрд кишига етказишни режалаштирмоқда. Бунинг учун темир йўл, ҳаво ва автомобиль транспортини ягона тизимга бирлаштириш кўзда тутилган. Шу мақсадда 2030 йилгача маҳаллий йўловчи ташишни ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор лойиҳасида маълум қилинган.

Стратегиянинг асосий кўрсаткичлари

2025 йилда ички йўналишлардан 1 628,1 млн йўловчи фойдаланган. 2030 йилга бориб, жамоат транспортида ташиладиган йўловчилар сонини 1 977,5 млн кишига, авиацияда 2,5 млн кишига етказиш, темир йўл транспортида эса бу кўрсаткични ҳозирги 9,9 млн кишидан 20 млн кишига ошириш режалаштирилган. Транспорт хизматлари ҳажми 188 трлн сўмдан 320 трлн сўмга етказилиши кўзда тутилган.

Ҳужжатда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус ва Фарғонада олтита транспорт узелини ташкил этиш, вокзаллар, аэропортлар ва автовокзалларни ўзаро боғлайдиган 20 та жамоат транспорти йўналишини ишга тушириш назарда тутилган. Йирик шаҳарларда вокзаллар ва аэропортлар ўртасида учта темир йўл линияси барпо этилади.

Транспорт парки ҳам янгиланади. Маҳаллий йўналишларда қатнайдиган электропоездлар сони 7 тадан 30 тага, йўловчи вагонлари сони эса 537 тадан 650 тага етказилади. Тошкент, Нукус ва вилоятлар марказларида жамоат транспорти таркибидаги электробуслар улуши 15 фоиздан 30 фоизга оширилиши керак. Бундан ташқари, 2026–2030 йилларда 58 та автовокзал ва автостанция қурилади ҳамда реконструкция қилинади. Давлат-хусусий шериклик асосида бошқариладиган транспорт объектлари сони эса биттадан саккizтага етказилади.

Ягона чипта ва рақамли платформа

2028 йил 1 январдан Транспорт вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда «Бир йўл» миллий платформасини ишга тушириши керак. У орқали йўловчилар поездлар, самолётлар, автобуслар ва шаҳар транспортининг йўналишлари, жадвали, нархлари ҳамда бўш жойлари ҳақида маълумот олиши, «эшикдан эшиккача» сафарни режалаштириши, ягона электрон чипта ва трансферни расмийлаштириши мумкин бўлади. Ягона платформадан фойдаланувчилар улушини 25 фоизга етказиш режалаштирилган.

«Тошкент аэропорти — Урганч аэропорти — Хива вокзали» йўналишида ягона чиптанинг пилот лойиҳаси 2027 йил 1 июлдан бошланиши керак. Поездлар, авиарейслар ва автобуслар жадваллари сунъий интеллект тизимлари ёрдамида тўлиқ қайта ишланиб, ўзаро мувофиқлаштирилади. Тошкент давлат транспорт университети 2028 йил 1 январга қадар йўловчилар оқимини прогноз қилиш тизимини ишлаб чиқади.

Ҳудудий лойиҳалар

Тошкент агломерациясида 2027 йил июль ойидан «Тошкент-Шимолий» ва «Тошкент-Жанубий» вокзаллари, халқаро аэропорт ҳамда марказий автовокзал ўртасида ягона транспорт боғланиши йўлга қўйилади. Чирчиқ, Янгийўл, Ангрен ва Олмалиқдан қатнайдиган шаҳар атрофи электропоездлари сони 1,5 баробарга оширилади. Йўловчиларга метро йўналишларига бевосита ўтиш имконияти ҳам яратилади.

Самарқандда 2027 йил охирига қадар аэропорт, вокзал ва асосий диққатга сазовор жойлар ўртасида туристик шаттл автобуслари қатнови йўлга қўйилади. Бухорода 2028 йил февраль ойидан вокзалдан аэропорт, Эски шаҳар ва меҳмонхоналаргача экспресс автобуслар ҳаракати ташкил этилади.

Фарғона водийсида 2028 йил охирига қадар «Қўқон — Поп — Наманган — Андижон — Марғилон — Қўқон» ҳалқа йўналишидаги электропоездлар сони икки баробарга оширилади. Нукусда эса 2027 йил охиригача Е. Алакуза кўчасида тезкор автобус йўналишлари тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди.

Имтиёзлар ва рағбатлантириш чоралари

2027–2029 йилларда шаҳар атрофи поездлари, шунингдек, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро автобусларга электрон чипта сотиб олган йўловчиларга камида 20 фоиз чегирма берилади. 2030 йил 1 январдан бошлаб ушбу йўналишларда йўл ҳақи фақат нақд пулсиз шаклда тўланади. Узоқ масофага қатнайдиган поездларга электрон чипта олган йўловчилар жўнашдан олдинги ва манзилга етиб келгандан кейинги 12 соат давомида шаҳар атрофи поездларидан бепул фойдаланиши мумкин бўлади.

2027 йил охирига қадар олиб кириладиган «Евро-5» ва ундан юқори экологик стандартларга жавоб берувчи янги автобуслар ҳамда электробуслар утилизация йиғимидан озод қилинади. 2027–2030 йилларда вокзаллар, автовокзаллар ва аэропортлар мол-мулк солиғи ҳамда ер солиғини тўламайди.

2027 йил 1 июлдан йирик транспорт терминалларида камида бир соатлик бепул Wi-Fi, терминаллар орқали расмий такси буюртма қилиш ва багажни 24 соатгача бепул сақлаш хизматлари жорий этила бошлайди.

Молиялаштириш ва назорат

2026–2030 йилларга мўлжалланган капитал қўйилмаларнинг умумий ҳажми 4 574,3 млн долларга баҳоланган. Унинг асосий қисми давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидаги хусусий шериклар ҳиссасига — 2 229,1 млн доллар, давлат шериклари ҳиссасига эса 1 254,5 млн доллар тўғри келади. Ҳужжатда келтирилган рақамлар дастлабки экани ва техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилганидан кейин аниқлаштирилиши таъкидланган.

Стратегияни умумий мувофиқлаштириш Транспорт вазирлиги зиммасига юклатилади. Вазирлик 2027 йилдан бошлаб унинг амалга оширилиш жараёнини ҳар йили баҳолаб боради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.