Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳасини ишга туширишни муҳокама қилди

UzDaily таҳририяти · 25.07.2026 · 13:30 · 25 views
Ўзбекистон хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳасини ишга туширишни муҳокама қилди

Ўзбекистон хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳасини ишга туширишни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов "Vision Invest" компанияси президенти ва бош ижрочи директори Омар Н. Ал-Мидани билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда замонавий, экологик хавфсиз ҳамда халқаро талабларга мос технологиялар асосида хавфли саноат чиқиндиларини қайта ишлашга қаратилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Мулоқот чоғида лойиҳанинг техник, молиявий ва ташкилий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар лойиҳани амалиётга татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр алмашиб, уни ишга тушириш учун зарур бўлган кейинги босқичма-босқич чора-тадбирларни белгилаб олдилар. Шунингдек, зарур маълумотлар алмашинуви, тегишли таклиф ва ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда ташаббусни амалга ошириш доирасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа хавфли саноат чиқиндиларини хавфсиз йиғиш, ташиш, зарарсизлантириш ва қайта ишлашнинг замонавий тизимини яратишга хизмат қилади. Лойиҳанинг амалга оширилиши бундай чиқиндиларнинг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш, шунингдек, мамлакатда чиқиндилар билан экологик хавфсиз муомала қилиш инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқлаб, лойиҳани амалга ошириш ва эришилган келишувларни изчил амалга ошириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар.