Ўзбекистон ва ZТE маълумотлар марказини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва ZТE маълумотлар марказини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ZТE компанияси Катта вице-президенти Чжан Жианпенг билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда телекоммуникация инфратузилмасини кенгайтириш, Дата марказлар лойиҳаларини ривожлантириш, рақамли инфратузилманинг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Дата марказ ташкил этишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик ҳамкорлик, телекоммуникация соҳасидаги қўшма ташаббуслар ҳамда чекка ҳудудларни телеком хизматлари билан қамраб олиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, мамлакатнинг олис ҳудудларида рақамли инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар юзасидан фикрлар алмашилди.
Шунингдек, ZТE томонидан Ўзбекистон телекоммуникация бозоридаги узоқ йиллик ҳамкорлик тажрибаси, мамлакатда амалга оширилган инфратузилма лойиҳалари ва тармоқ модернизацияси бўйича ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон операторлари халқаро Speedtest рейтингларида юқори ўринларни эгалламоқда ва бу мамлакатда рақамли инфратузилма жадал ривожланаётганини кўрсатиши қайд этилди.
Учрашувда маҳаллий мутахассислар салоҳиятини ошириш, ZТE билан биргаликда мамлакатни минтақа учун хизмат кўрсатувчи минтақавий хаб сифатида ривожлантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.