Ўзбекистон ва Япония парламентлари форуми Тошкентда бўлиб ўтди

Ўзбекистон ва Япония парламентлари форуми Тошкентда бўлиб ўтди

Ўзбекистон ва Япония парламентлари форуми Тошкентда бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Япония парламенти вакиллар палатаси аъзоси, ташқи ишлар вазирининг парламентар ўринбосари Арфия Эри бошчилигидаги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон — Япония” парламентлараро форумининг бешинчи йиғилиши ўтказилди.

Форумда ҳар икки томондан депутатларнинг парламентлараро алоқаларнинг бугунги кундаги ҳолати ва истиқболлари ҳақидаги ахборотлари эшитилди.

Ўзбекистон — Япония муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, хусусан,  олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назоратини олиб бориш, барча йўналишларда парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашишни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар таъкидлаганидек, сўнгги йилларда давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон — Япония ўртасидаги сиёсий мулоқот барқарор ва изчил ривожланиб, ўзаро ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Олий даражадаги келишувлар самарали амалга оширилиб, парламентлар ўртасида сермаҳсул алоқалар йўлга қўйилган.

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Р.Хакимов форум иштирокчиларига Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Ўз навбатида, Арфия Эри форумни юқори даражада ташкил этганлиги учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган фаол, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини юқори баҳолади.

“Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар чуқур тарихий илдизларга эга. Ана шу бой ва узоқ йиллик тарихий алоқаларга таянган ҳолда, мен ташқи ишлар вазирининг парламентар ўринбосари ҳамда депутат сифатида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшаман, — деди А. Эри.

Япония парламентнинг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси Ижроия қўмитаси раиси Кейсуке Сузуки эса Япония Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги стратегик ҳамкор давлат сифатида билиши ва ўзаро алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

—Бугунги кунда Ўзбекистон — Япония муносабатлари сифат жиҳатдан мутлақо янги босқичга чиқиб, кўплаб соҳаларда ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бормоқда. Мазкур форум, албатта, келгусидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун янги босқични бошлаб беради, — деди К.Сузуки.

Йиғилишда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, яшил энергия ва таълим соҳаларини ривожлантириш, ахборот технологиялари, тадбиркорлик ва сунъий интеллект йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди. Ушбу ташаббуслар ўзаро ҳамкорликни янгича мазмун билан бойитиши урғуланди.

Томонлар Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда парламентлар муҳим ўрин тутишини, мазкур форум эса парламентлараро муносабатларини янада ривожлантириш, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва сиёсий мулоқотни чуқурлаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Форум якунида икки давлат парламентлари ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни тизимли давом эттиришга келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг