Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев Sumitomo Corporation президенти ва бош ижрочи директори Синго Уэно ҳамда Shikoku Electric Power президенти ва директори Ёсихиро Миямото билан учрашув ўтказди.
Томонлар умумий қиймати 4,2 миллиард долларни ташкил этувчи энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтди.
Асосий эътибор қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга, жумладан, Самарқанд вилоятида қуёш электр станцияларини, Қорақалпоғистонда шамол электр станцияларини қуриш ва энергияни сақлаш тизимларини жорий этишга қаратилди.
Устувор вазифалар қаторида қуёш электр станцияларини ўз вақтида ишга тушириш ҳамда шамол энергетикаси лойиҳасини амалга оширишга ўтиш учун зарур келишувларни якунлаш белгиланди.
Учрашув иштирокчилари электр узатиш линиялари учун кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тоғ-кон саноати ва тез тиббий ёрдам автомобилларини етказиб бериш соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини ҳам кўриб чиқдилар.
Шунингдек, Япония компанияларининг махсус иқтисодий зоналарни бошқариш, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш бўйича тажрибасини қўллаш имкониятлари алоҳида муҳокама қилинди.
Электр тармоқларини модернизация қилиш, энергияни сақлаш тизимларидан фойдаланиш ва тегишли соҳалар учун мутахассислар тайёрлаш ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қайд этилди.