Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 37 та қозонхона ва 441 км иссиқлик тармоғида жорий таъмирлаш ишлари якунланди.
Бу ҳақда «Иссиқликтаъминоти» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Султонов ОАВ учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 79,4 км иссиқлик тармоғи ва 37 та қозонхонада капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Мамлакат ҳудудларида эса 77 та қозонхона ва 42 км иссиқлик тармоғида жорий таъмирлаш ишлари якунланган.
Шу билан бирга, иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Саудия Арабистонининг Saudi Tabreed компанияси Нукусдаги «РК-1» қозонхонасини бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконини берувчи замонавий когенерация технологияларига ўтказиш учун 20,3 миллион доллар йўналтиради.
Лойиҳа когенерация қурилмасини қуриш, 28 км янги иссиқлик тармоғини ётқизиш ва 189 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатишни назарда тутади. Лойиҳа амалга оширилганидан сўнг 22 880 нафар аҳолини марказлашган иссиқлик таъминоти билан таъминлаш, тизимдаги йўқотишларни эса 30 фоизгача қисқартириш режалаштирилган.
«Янги Ўзбекистон» массивларида кўп қаватли уйларни марказлашган иссиқлик таъминоти тизимига улаш ишлари давом этмоқда. Ҳозирга қадар 117 км иссиқлик тармоғи ётқизилиб, 37 та иситиш қозони ўрнатилган.
Иссиқлик таъминоти тизимининг энергия самарадорлигини ошириш ва муқобил технологияларни жорий этиш ҳам устувор вазифалар қаторида қолмоқда.