Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Хитой парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ниятида

Дилафруз Ниязова · 07.09.2026 · 21:25 · 33 views
Ўзбекистон ва Хитой парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ниятида
Ўзбекистон ва Хитой парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ниятида / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Хитой муносабатларини янада мустаҳкамлаш, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, "Марказий Осиё - Хитой" форматида ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва стратегик қарашлари туфайли ҳамкорлик ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди.

Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари раҳбарлари ва аъзоларининг ўзаро ташрифлари ва мулоқотлари динамикаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия фаолияти ижобий баҳоланди.

Ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини янада ошириш мақсадида парламентлар раҳбарларининг мунтазам мулоқотларини фаоллаштириш, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини мустаҳкамлаш, тегишли қўмиталарнинг алоқаларини кенгайтириш, қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш, биргаликда парламент ва эксперт тадбирларини ўтказиш таклиф этилди.

Ўзбекистоннинг ҳудудларни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, давлат бошқарувини рақамлаштириш, «яшил» иқтисодиётни юксалтириш, кадрлар тайёрлаш ва инновацияларни рағбатлантириш борасидаги Хитой тажрибасини ўрганишдан манфаатдор экани қайд этилди.

Учрашувда сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди. "Марказий Осиё - Хитой" формати минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратаётгани таъкидланди.