Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Тожикистон божхона хизматлари қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва рақамли маълумотлар алмашинувини амалга оширишга келишиб олдилар

Дилафруз Ниязова · 18.02.2026 · 19:45 · 289 views
Ўзбекистон ва Тожикистон божхона хизматлари қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва рақамли маълумотлар алмашинувини амалга оширишга келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Тожикистон божхона хизматлари қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва рақамли маълумотлар алмашинувини амалга оширишга келишиб олдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Нодир Мусамуҳамедов Душанбеда Тожикистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раҳбари Ҳуршед Каримзода билан икки томонлама учрашув ўтказди.

Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Давлат божхона қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда муқаддам иккала давлат божхона хизмати раҳбарларининг турли даражадаги учрашувларида эришилган келишувлар ижросининг жорий ҳолати таҳлил қилинди.

Хусусан, икки томонлама божхона ҳамкорлигининг долзарб масалалари, жумладан божхона қийматини аниқлаш, импорт божхона божлари ставкаларини қўллаш, шунингдек рақамлаштириш ва электрон маълумот алмашинувини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ўзаро товарлар савдосини амалга ошираётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига тенг қулайлик, имтиёз ва енгилликлар тақдим этиш, мамлакатлар ҳудуди орқали транзит юклар ҳаракати бўйича олдиндан хабардор қилиш механизмларини жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунларига кўра, томонлар қўшма ишчи гуруҳ тузиш, электрон ҳамкорликни фаоллаштириш, ахборот алмашиш ва масъул бўлинмалар ўртасида тезкор мувофиқлаштиришни таъминлашга келишиб олдилар.